Онангга хизмат қил, жаннатни топасан
Муовия ибн Жоҳима Суламий розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: «Мен: “Ё Расулуллоҳ, сиз билан жиҳод қилишни ва шу билан Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрига эришишни истайман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Ҳолингга ачинаман, онанг ҳаётми?”, дедилар.Мен: “Ҳа”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Бор, унинг хизматини қил”, дедилар.Сўнг бошқа бир кун яна Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордим ва: “Ё Расулуллоҳ, мен сиз билан жиҳод қилишни ва шу билан Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрига эришишни истайман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Ҳолингга ачинаман, онанг ҳаётми?”, дедилар. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дедим.У зот алайҳиссалом: “Бор, унинг хизматини қил”, дедилар. Кейинроқ мен яна у зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордим ва: “Ё Расулуллоҳ, мен сиз билан жиҳод қилишни ва шу билан Аллоҳнинг розилиги ва охират диёрига эришишни истайман”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Ҳолингга ачинаман, онанг ҳаётми?”, дедилар.Мен: “Ҳа, ё Расуллуллоҳ”, дедим. У зот алайҳиссалом: “Бор, онангнинг оёқларини лозим тут, жаннат ўша ердадир”, дедилар (Имом Ибн Можа ва Имом Табароний ривояти).
Мазкур ҳадис Ислом динида ота-онага, хусусан, онага хизмат қилишнинг нақадар юксак мақомга эга эканини яққол намоён этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш истагини билдирган Муовия ибн Жоҳима Суламий розияллоҳу анҳуга у зот алайҳиссалом онасига хизмат этишни буюрдилар. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига шу истак билан бир неча бор келган бўлса ҳам у зот ҳар сафар “Онанг ҳаётми?” дедилар ва бир хил жавобни такрорладилар. Учунчи мартасида: “Бор, онангнинг оёқларини лозим тут, жаннат ўша ердадир”, дедилар. Яъни жаннат унинг оёғи олдидадир. Бундан мурод банда жаннатдаги насибасига онасининг розилигисиз асло эриша олмаслигидир. Яъни гўё жаннат, онага мулкланган бирор нарсага ўхшашки, ўша нарса онанинг ҳузуридадир. Оналарда уни ўзи хоҳлаганидай тасарруф этиш ҳуқуқи мавжуд. Зеро, бирор нарса бир кимсанинг оёғи остида экан, у унга тўлиқ эга эканини билдиради. Ҳатто унинг розилигисиз бирор киши ундан фойдалана олмайди. Шу жиҳатдан Пайғамбар алайҳиссалом жаннатни онанинг розилигига боғлар экан, “унинг оёқлари остидадир”, дея ўхшатиш қилдилар (“Дурарус санийя”). Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссалом қизиққон йигит Муовия ибн Жоҳима розияллоҳу анҳуни бир неча бор ғазотдан ман этишининг сабаби онасининг унга эҳтиёжи борлигини билишидан эдилар.
Она – Аллоҳ таолонинг раҳм-шафқати очиқ тарзда акс этган мавжудотдир. У фарзанди учун жисмоний ва маънавий машаққатларга сабр қилади, уни меҳр билан парваришлайди ва ҳатто ўз манфаатини иккинчи ўринга қўяди. Шу боис Исломда она бўлиш юксак даража сифатида эътироф этилади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилиш амрини ота-онага яхшилик қилиш буйруғи билан бирга зикр этади: «Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси, 23-оят).
“Уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани исми билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан, ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни сўзламаслик, уларнинг ҳузурида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабилар тушунилади. Айниқса, кексайиб қолган пайтларида бир гап кам, икки гап кўп бўлиб қолади. Балки овқатлантириб ёки таҳорат олдириб қўйишга эҳтиёж бўлади. Шунақа пайтларда чин кўнгилдан хизмат қилиш билан уларнинг дуоларига эришилади. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ота-онанг болалигингда тагингни тозалаётиб бирор нарса демаганидек, сен ҳам қариган чоғларида нажосатларини юваётганингда “уф” демагин».
Зеро, қарилик чоғида ота-онасини малол олган, парвариш қилишдан бош тортганлар катта имкониятдан маҳрум бўладилар. Пайғамбар алайҳиссалом бундай кимсаларни қаттиқ огоҳлантирганлар: “Миннат қилувчи (яхшилик қилган кишисига фахр ва кибр қилувчи) ва ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр (маст қилувчи ичимлик) ичишда бардавом бўлувчи жаннатга кирмайди”, дедилар” (Имом Насаий ривояти). Ҳатто баъзи уламолар кекса ота-онаси ёки иккисидан бириси ҳаёт бўлган кишиларнинг узоқ сафарга чиқишини ҳам макруҳ санашган. Кўп ҳолларда ота-ота фарзанди раъйини қайтаришдан истиҳола қилади. Аммо ич-ичидан дилларида рози бўлмаслиги мумкин. Айниқса, она фарзандлари хизматига эҳтиёж сезмаса ҳам уларни соғинади, кўргиси келади. Шу жиҳатдан кўп ҳолларда ота-онани ҳижрон қилиб ташлаб кетиш ҳам уларнинг дуоларини ололмасликка сабаб бўлади.
Абу Бакра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло ҳар бир гуноҳдан хоҳлаганини (яъни, жазосини) қиёмат кунига кечиктиради. Ота-онага оқ бўлиш бундан мустаснодир. Зеро, Аллоҳ таоло уни (ота-онага оқ бўлишни) эгасига ўлимдан олдин, шу дунё ҳаётидаёқ (унинг жазосини) тезлаштиради”, деганларини эшитдим” (Имом Табароний ривояти). Чунки кекса ота-онага хизмат қилиш сабр, меҳр ва фидойиликни талаб этади ва унинг мукофоти ҳам беқиёсдир.Яъни уларни рози қилиш Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борадиган муҳим воситадир. Шунинг учун фарзанд ҳаёти давомида онасининг хизматида бўлишга, унинг дуосини олишга ва ҳар қанақасига бўлсин, шаръий эҳтиёжларини таъминлашга масъулдир.
Аллоҳ таолобарчамизни ота-оналаримизга яхшилик қилувчи, уларнинг розилигини олувчи бандаларидан қилсин!
Манбалар асосида
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.