Яхши гумон соғлиққа фойда
Муваффақиятга эришишдаги асосий омиллардан бири сифатида некбинлик (оптимистлик) қайд этилади. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар яхши гумонда бўлиш нафақат муваффақиятга, балки касалликларни даволашга ҳам ижобий таъсир кўрсатишини исботлади. Хусусан, Торанто ва Калифорния университетлари тадқиқотчиларига кўра, некбинлик инсоннинг иммунитет тизимини мустаҳкамлар экан.
Одамларга ёрдам бериш, уларнинг айбларини кечириш, улар ҳақида яхши гумонда бўлиш инсон иммунитет ҳужайраларини фаоллаштирадиган асосий гармон ва оқсилларни тартибга солиб, тананинг касалликка қарши курашиш қобилиятини оширади. Натижада бундай инсонларнинг соғлиги бадбин (пессимист) кишиларга нисбатан яхшироқ бўлади. Аксинча, ҳасадгўйлик, бахиллик каби маънавий иллатлар иммун тизими фаолиятини сусайтиради. Чунки доимий равишда салбий фикрда бўлиш инсон мияси, юраги ва иммун тизимига ёмон таъсир кўрсатади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо мўминларни яхши гумонда бўлишга чақирганлар. Жумладан, У зот бундай марҳамат қилганлар: “Яхшиликка умид қилиш (яхшиликка йўйиш) менга хуш келади” (Имом Муслим ривояти);“Ёмон гумон қилишдан сақланинглар, чунки гумон сўзларнинг энг ёлғонидир. Жосуслик қилманглар, бир-бирингизни сўроқ қилиб юрманглар, ўзаро рақобатлашманглар, ҳасад қилманглар, бир-бирингизни ёқтирмаслик ва бир-бирингиздан юз ўгириш каби ишлардан сақланинглар. Аллоҳнинг бандаси сифатида биродарлар бўлиб яшанглар”(Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти); “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича, ҳақиқий мўмин бўлолмайди”(Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисларда яхши гумон қилишга кўп даъват этилади. Ҳатто бир киши тушида яхши нарса кўрса, уни бошқаларга айтиши мумкин. Лекин ёмон тушни айтишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар ва яхшиликка йўйиш кераклигини тавсия этганлар. Демак, гўзал хулқ-атвор охират учунгина эмас, балки дунё учун ҳам манфаатлидир.
Шерзод ЧЎЛПОНОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
http://hidoyatuz.taplink.ws