Такаббурлик адашишларнинг бошидир
Ким ўз аҳволига ибрат назари билан боқса, хатосини қалб кўзи билан кўради. Бу кўриш тавбадан огоҳ этиб, хатони қайта такрорламаслик кераклигини англатади. Акс ҳолда, фақат ўзини ҳақ санаб, кибрга кетади. Такаббурлик эса барча адашишларнинг бошидир. Қачонки киши фақат ўз фикрига суяниб қолар экан, энди унинг ҳар қадами тойилишдан иборат бўлади.
Изоҳ. Инсонни фитна-фасодга бошловчи, жамиятни ичкаридан емирувчи ҳаромга беэътибор бўлишнинг таъсири махфий ва айни ҳолда ўта жиддий бўлгани учун ҳам Қуръони каримда бундай эслатилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир” (Нур сураси, 30-оят). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: “Одам фарзандига зинодан бир қанча улушлар битиб қўйилди. Инсон уларга чорасиз дуч келувчидир. Икки кўзнинг зиноси – қараш; икки қулоқнинг зиноси – эшитиш; тил зиноси – гапириш; қўл зиноси – ушлаш; оёқ зиноси – қадам босиш; қалб хоҳлайди, кўнгил тусайди, фарж эса буларни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради” (Муттафақун алайҳ).
Ҳадисда зино тушунчаси бўлакларга бўлиб баён қилиняпти. Кўриш, эшитиш, ушлаш, қадам босиш, кўнгилнинг нималарнидир тусаши инсондаги табиий эҳтиёжлардир. Шунинг учун бу маъно “инсон уларга чорасиз дуч келувчидир” жумласи билан ифодаланган. Табиий эҳтиёж сифатида бу феъллар суиистеъмол қилинса, тақиқланган тарзда юзага чиқса, ҳаромга айланиб қолиши ҳадиснинг давомида айтилган.
“Унвонул баён”дан Рашид ЗОҲИД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан