Ўрганиш ҳам, ўргатиш ҳам илмдир
2025 йилда “Бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланган, айни пайтда Маҳмуд Замахшарийнинг “Навобиғул калим” (Нозик иборалар) асари устида илмий иш олиб бораётган, шу билан бир қаторда “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари, “Ақоид” фани устози Санобар МУҲАММАДХЎЖАЕВАни суҳбатга чорладик.
– Ассалому алайкум. Ҳадиси шарифда: “Илмни ўрганинглар ва одамларга таълим беринглар. Бунинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган ва таълим берган кишига тавозели бўлинг”, дейилган. Ҳақиқий устоз виқорли ва сокин бўлишини улуғ алломалар тимсолида кўп кўрганмиз. Лекин бугун жаҳли бурнининг учида турадиган, талабаларни жеркиб берадиган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари ёшларнинг илм олишларига ғов бўлмайдими? – Ваалайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Виқор ва сокин бўлиш динимиз талабидир. Қуръони каримнинг олти ўрнида “сокинлик” сўзи зикр этилган (Бақара сураси, 248; Тавба сураси, 26, 40; Фатҳ сураси, 4; 18, 26). Бу оятларнинг барчаси Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ва пайғамбарларига ато этган виқор ва ҳайбат маъноларини ўз ичига олади. 1995 йилда “Хадичаи Кубро” мадрасасида, кейинчалик Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган бўлсам, устозлардан виқор ва сокинликни ҳам ўргандим.
Беш бармоқ баробар бўлмагани сингари устозалар орасида жаҳлдорлари ҳам бор. Уларга мудирамиз ва катта устозалар билан бир галикда талабаларга меҳрли бўлиш зарурлигини, динимиз жаҳл ва жаҳолатга қарши эканини тушунтирамиз.
– Бир вақтнинг ўзида бир неча юмушларни бажариш осонмас. Айниқса, илм олиш ва таълим бериш, раҳбарлик вазифалари… Шунингдек, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор юмушлари дегандай. Барчасига қандай қилиб вақт топасиз?
– Мендаги энг катта муаммо – вақт етишмаслиги. Бўш бўлдим дегунча илмий ишим билан шуғулланаман. Ҳам ўқийдиган, ҳам ишлайдиган аёлларни эри, бошқа яқинлари қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Беш фарзандим бор, барчаси менга дастёр. Бобо ва бувилари уларни парвариш қилади, тарбиялайди. Оилангизда ёши улуғларнинг бўлиши – сизнинг ютуғингиз: рўзғордан кўнглингиз тўқ бўлади. Беҳуда суҳбатлар, ижтимоий тармоқларда фаол бўлиш вақтни совуради. Булардан қутулиш учун кунлик режа асосида иш қилиш керак. Ўзингиз қизиқадиган ва мунтазам равишда бажарадиган машғулот билан банд бўлиш лозим. Бу тил ўрганиш ёки ҳунар эгаллаш бўлиши мумкин.
Шунингдек, тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик ҳам вақтнинг унумли бўлишига хизмат қилади. Кам ҳаракатлилик одамни танбал қилиб қўяди.
– Айтинг-чи, фарзанд тарбиясида ота-оналар нимага эътибор қаратишлари керак? Сабаби, бугун она ва қиз муносабатларида қандайдир тўсиқлар бордек, назаримда. – Ўғил болани қаттиққўллик ва меҳр билан тарбиялаш керак. Уларга жамият, оила олдидаги масъулиятларини тушунтириб, кўплаб ишларни уддалаши лозимлигини доимо уқтириб бориш зарур. Ўғил бола билан оталар шуғулланади. Қизларга эса меҳрибонлик, мулойимлик билан муносабат қилган маъқул. Сабаби, улар табиатан юмшоқфеъл бўлишади. Бугун оналар қизларни эшитишни билмайди, улар билан кам вақт ўтказади. Бир вақтлар ўзларининг ҳам қиз бола бўлгани, кўнглидан кечирган туйғуларини унутишган. Икки ўғлим, уч қизим бор. Катта қизим тил ўрганишга қизиқади, ҳамшираликка уқуви бор. Уларга қўлимдан келгунича ёрдам бераман.
Китоб дўконига борсак, болаларимнинг ўзлари китоб танлайди. Муҳим китобларни олиб, улар танлаган китоблари орасига қўшиб қўяман. Ўзимизни эмас, бо лаларимизнинг қизиқишларини биринчи ўринга қўйишимиз керак. Шунда у ўз фикрига эга бўлади
Ўғил-қизларимизнинг илмли бўлишида маърифатли аёлларнинг ўрни беқиёс. Аёл ўқиса, илмли бўлса, аввало, оиласини, сўнгра жамиятни илмли қилишга интилади. Илми билан амали уйғун келса, табиатида оқилалик, солиҳалик акс этади.
Имом Ибн Абдулбар ва Имом Дорақутний ривоятида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: “Эй илм ўрганганлар, унга амал қилинглар. Албатта, ҳақиқий олим илмини ўрганиб, кейин амал қилган ва амали илмига мувофиқ келган кишидир”.
Аллоҳ таоло барчамизга, аввало, илм ўрганишни ва унга амал қилиб яшаш бахтини насиб этсин. Ўрганган илмимизни бошқаларга ҳам ўргатишимиз шарт.
Камола АДАШБОЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws