АЛЛОҲ АДОЛАТГА БУЮРАДИ
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Тасаввуф ва адолат Тасаввуфда адолат (العدل (сўзи фақат “ҳақни жойига қўйиш” эмас, балки нафс, ақл, руҳ ва қалб ўртасидаги илоҳий тартибни сақлаш деган маънони ҳам англатади. Сўфийлар наздида адолат – инсоннинг ўзини англаши, нафсини тарбиялаши ва Аллоҳнинг иродасига мос ҳаёт кечиришидир.
1. Нажмиддин кубро (540–618 ҳ./1145–1221 м.). Асарлари: “Фавоих ал-жамол”, “Рисолат ан-нафс”.
Кубро таълимотида адолат инсон ботинидаги илоҳий нурлар мувозанати билан боғланган. У инсонни “оламнинг муқобили” деб атайди: “Инсонда адолат бўлмаса, унинг нафси зулматли бўлади, нур ундан йўқолади”.
Демак, Кубро назариясида адолат нафснинг поклигидир. Унга кўра: “Адолат қалбнинг тозалиги, зулм эса нафснинг ҳукмронлиги”. Шу маънода, у “адолатли инсон”ни – “нафсига зулм қилмайдиган, бошқаларга раҳм қилувчи ва нур тарқатувчи инсон” деб таърифлайди.
2. Баҳоуддин Нақшбанд (1318– 1389). Тариқат шиори: “Дил ба Ёру, даст ба кор” – “Дил Аллоҳда, қўл ишда”. Баҳоуддин Нақшбанднинг наздида адолат – “ҳол ва амалдаги ихлос”. У айтади: “Ким нафсини адолат билан тарбия қилса, унинг ҳар нафаси зикрдир”.
Нақшбандия тариқатида адолат инсоннинг ички дунёсидаги ҳаддан ошмаслик (эътидол) сифатида талқин қилинади: ортиқча гап – зулм, ортиқча емоқ – зулм, ортиқча уқубат ёки шафқат – ҳар икки си ҳам адолатдан четга чиқишдир. Шунинг учун нақшбандия таълимоти “адаб – адолатнинг зоҳири” деган қоидани илгари суради.
3. Жалолиддин Румий (1207– 1273). Асари: “Маснавийи маънавий”. Румий адолатни илоҳий муҳаббатнинг амалий ифодаси деб билган. У бундай дейди: “Зулм – бир нарсани ўз жойидан чиқаришдир, адолат – ҳар нарсани ўз жойига қўйиш” (“Маснавий”, I, 235).
Румийда адолат – космологик тамойил: бутун олам Аллоҳ адолати билан мувозанатда турибди. Унингча, агар инсон Аллоҳнинг иродасини қабул қилса, унинг қалбидаги зулм кетиб, адолат қарор топади. Шу боис Румий таълимотида “адолатли инсон” бу –“илоҳий муҳаббатни адолат шаклида ҳаётга татбиқ этган инсон”дир.
4. Абдулқодир Жийлоний (1077– 1166). Асари: “Футуҳ ал-ғайб”. Жийлоний бундай дейди: “Адолат – нафсни Аллоҳнинг ҳукмига бўйсундиришдир. Ким нафсига ҳукм ўтказса, у Аллоҳнинг адолатида яшайди”.
Хулоса қилиб айтганда, тасаввуфда адолат – инсоннинг нафси, қалби ва руҳидаги илоҳий мувозанатдир. Адолатли инсон – Аллоҳнинг нурини ҳаётда акс эттирувчи инсондир. Зоҳирдаги адолат – ҳақни жойига қўйиш, ботиндаги адолат – нафсни жойига қўйишдир.
* * *
Ислом таълимотида адолат – Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири ва Ўз бандаларини ҳам адолатли бўлишга буюрган: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгуликка ва яқинларга ёрдам беришга буюради…” (Наҳл сураси, 90-оят). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни Аллоҳнинг Арши соясида турувчи инсон – одил раҳбардир”, деганлар.
Уламоларнинг таъкидлашича, адолат фақат ҳукм чиқаришда эмас, балки инсоннинг ўзига, оиласига, жамиятга, олдидаги масъулиятига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Ҳалол ризқ учун касб қилиш ҳам адолатнинг амалдаги кўринишидир.
Ҳалол касб қилиш Исломда оддий иқтисодий фаолият эмас, балки ибодат даражасидаги амалдир. Набий алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: “Ҳалол ризқ излаш — ҳар бир мусулмонга фарз”, деганлар.
Ҳалол меҳнат қилишнинг бир қанча манфаатлари бор:
Биринчидан, жамиятда ишонч муҳитини яратади. Ҳар бир инсон ўзи меҳнат қилгани учун ризқ топса, нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам ҳақини адо этган бўлади.
Иккинчидан, иқтисодий барқарорликка хизмат қилади. Мутахассисларнинг фикрича, ҳалол меҳнат ва тенг рақобат иқтисодий ўсишнинг асосий омилидир.
Учинчидан, шахсий ҳаётда тинчлик ва поклик келтиради. Ҳалол ризқ билан яшаган инсонда руҳий барқарорлик, хотиржамлик пайдо бўлади. Бировнинг ҳақини емаслик жамият адолатининг устунидир.
Бировнинг ҳақини ейиш Исломда энг оғир гуноҳлардан бири бўлиб, у одил жамият барпо этишга энг катта тўсиқ ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Бировларнинг молларини ноҳақ еманглар!” (Бақара сураси, 188-оят).
Ўзгалар ҳақини ейишнинг замонавий кўринишлари: – иш вақтида ўз вазифасини бажармаслик; – иш ҳақини адолатли тақсимламаслик; – меҳнат ҳуқуқларини бузиш; – қарз, шартнома талабларини бажармаслик; – давлат мол-мулкини шахсий мақсадда ишлатиш.
Илмий тадқиқотлар шундан далолат берадики, ҳуқуқбузарлик ва коррупция даражаси паст бўлган жамиятларда: – ишлаб чиқариш самарадорлиги юқори; – аҳоли орасида ишонч даражаси мустаҳкам; – давлат ва хусусий сектор ривожи барқарор бўлади. Исломда пора – оғир гуноҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Пора берувчи ҳам, пора олувчи ҳам дўзахдадир”, деб огоҳлантирганлар.
Коррупциянинг салбий таъсири бир нечта жиҳатларда намоён бўлади: – қонун устуворлиги йўқолади;
– жамиятда ишончсизлик юзага келади;
– инвестиция ва иқтисодий ўсишга зарба беради;
– ҳақиқий истеъдодлар эмас, балки таниш-билишлари борлар юқори лавозимга чиқади;
– оилавий ва шахсий тарбияда ёмон намуна бўлади. Коррупциянинг бартараф этилиши фақат жазолаш орқали эмас, балки маърифат, адолатга ишонч, шаффофлик, кучли назорат, диний-ахлоқий тарбия орқали амалга ошади. Адолатга асосланган жамиятда тараққиёт бўлади.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан