Сабаъдан ишончли хабар
Сулаймон алайҳиссаломнинг улуғворлигини таърифловчи оятларда ҳудҳуд қуши Сабаъ мамлакатига боргани ва у ерда “унга барча нарсадан ато этилган” малика ҳукмронлик қилаётгани, аммо у халқи билан Қуёшга сиғиниётганини сўзлади:
«Сўнгра узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: “Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим. Мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, улкан тахти ҳам бор”» (Намл сураси, 22–23-оятлар).
Билқис ниҳоятда мулоҳазакор бўлишига қарамай, эътиқоди бузуқ эди:
«Уни эса Аллоҳни қўйиб ибодат қилган нарсаси (мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофирлар қавмидан эди» (Намл сураси, 43-оят).
Сулаймон алайҳиссалом тавҳидга чақириб маликага мактуб ёзди:
«Мана бу мактубимни олиб бориб уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар» (Намл сураси, 28-оят).
Ҳидоят келганда дарҳол уни қабул қилиб, ҳаётга татбиқ этиш оқилларга хос ишдир. Боиси ақл буйруққа бўйсуниши учун Раббисининг ҳидоятига муҳтож. Ҳудҳуд келтирган мактубни ўқиркан, Билқиснинг мулоҳазакорлиги, фаросати, тажрибаси унга йўл кўрсатди. Натижада Қуёшга сиғинишдан воз кечиб, унинг Яратувчисига иймон келтирди ва халқини ҳам ҳидоятга чорлади.
Билқис ҳақидаги қиссада бизга баъзи ҳақиқатлар ойдинлашади:
1. Гўзал эътироф ва ҳурмат: «Эй зодагонлар! Ҳақиқатан менга шарафли бир мактуб ташланди. Албатта, у Сулаймондандир ва у: “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан. Сизлар менга катталик қилмай, ҳузуримга итоатли ҳолингизда келингиз!”» (Намл сураси, 29–30-оятлар).
2. Маслаҳат. Раҳбар қарорларни маслаҳатлашган ҳолда жорий этиши:
«(Малика) айтди: “Эй зодагонлар! Менга бу ишимда фатво (маслаҳат) берингиз! Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирор ишни қатъий қилувчи эмасман”» (Намл сураси, 32-оят).
3. Масъуллар раҳбарнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаши, ижобий ёндашиши: «Улар дедилар: “Бизлар қувват ва ашаддий матонат эгаларидирмиз. (Ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Бас, нимага буюришни ўйлаб кўравер!”» (Намл сураси, 33-оят).
4. Тадбир. Маликанинг ҳадя юбориши тадбири келажакда икки мамлакат ўртасидаги алоқанинг мустаҳкамланишига ишора эди. Маликанинг таклифига барча рози бўлди ва ҳадя тайёрланди.
«Мен уларга (синов учун) бир совға юбориб кўрай-чи, элчилар нима (хабар) билан қайтар эканлар» (Намл сураси, 35-оят).
Ҳадя келтирган элчи Сулаймон алайҳиссаломнинг салтанати ҳамда инсонлар, жинлар, қушлар ва ҳайвонлардан иборат қўшинини кўриб ҳайратда қолди. Сўнгра Сулаймон алайҳиссалом ҳадяни қабул қилмаганини қуйидагича эълон қилди:
«Бас, қачонки (Билқис элчиси совғани олиб) Сулаймон (ҳузури)га келгач, у деди: “Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва подшоҳлик) У Зот сизларга берган (мол-дунё)дан яхшироқдир. Балки сизлар совғаларингиз билан хурсанд бўларсизлар”» (Намл сураси, 36–37-оятлар).
Сулаймон алайҳиссаломнинг жавобидан кейин малика икки мамлакат ўртасида тинчлик музокараларини олиб боришга қарор қилди.
5. Ақл-заковат ва зийраклик. Сабаъ юрти ва Сулаймон алайҳиссалом мамлакатининг ораси уч ойлик масофа эди. Буни билган Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг ақл-заковатини синаб кўрмоқчи бўлди. Яна у зот Аллоҳ таолонинг фазли сабаб унинг каби ҳеч ким эга бўлолмайдиган салтанатини кўрсатишни мақсад қилди.
Бунинг учун у маликанинг тахтиравонини келтиришни буюрди. Сулаймон алайҳиссалом тахтиравонни кўрганида ўзи ёки ёрдамчи аскарларининг қудрати билан фахрланмади. Балки бундай деди:
«Бу Раббимнинг, шукр қиламанми ёки ношукрлик қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукрлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир» (Намл сураси, 40-оят).
«“Унинг тахтини танимайдиган қилиб, ўзгартириб қўйингиз! Шунда у (танишга) йўл топадими ёки йўл топа олмайдиганлардан бўладими, кўргаймиз”. Бас, у келгач: “Тахтинг шундаймиди?” дейилди» (Намл сураси, 41–42-оятлар).
Ушбу қийин саволни Сулаймон алайҳиссалом Билқиснинг ақл-заковатини билиш учун берди. Малика ўзгартиришларга қарамасдан тахтиравонини таниди. Лекин тахтиравони Шом юртига қандай келиб қолганини билмасди.
Агар у: «Ҳа, бу менинг тахтим», деса, жавоби тўғри бўлмайди. Чунки тахти Яманда қолган. Агар «Йўқ», деса, ақл-заковатини нуқсонли кўрсатади. Ушбу фикрларни янги воқелик билан муҳокамага ташламади, балки заковат ва фаросат билан: «Худди ўшанинг ўзи», деди (Намл сураси, 42-оят).
Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасига мўъжиза кўрсатишда давом этди. Бу сафар ажойиб саройни кўрсатиб:
«Унга: “Саройга кир”, дейилди» (Намл сураси, 44-оят).
Малика саройни кўрган чоғда унинг майдонини сув деб ўйлаб, кийими ҳўл бўлмаслиги учун этагини кўтарди. Маликанинг бу ҳолини кўрган Сулаймон алайҳиссалом унга изоҳ бериб:
«Бу биллурдан силлиқ қилиб ясалган сарой», деди (Намл сураси, 44-оят).
Малика рўй бераётган ҳодисалар оддий эмаслигига, балки Аллоҳ пайғамбарининг мўъжизалари эканига амин бўлди. Аллоҳ таолонинг қудратини англаб, илгари Аллоҳга эмас, Қуёшга сиғиниб ўзига зулм қилганини тан олди.
Кейин эса Сулаймон алайҳиссалом учун эмас, балки Оламлар Эгаси — Аллоҳга:
«Сулаймон билан бирга бўйинсундим», деди (Намл сураси, 44-оят).
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws