Аллоҳга маҳбуб амаллар
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббати кучли ва кўп истиғфор айтувчи бандани азоблашдан ҳаё қилади. Чунки у Яратган Зотга маҳбуб амалларни бажарган ҳисобланади.
Ривоятларга кўра, Макка мушриклари Қуръони каримни инкор қилишда жуда ҳаддан ошишди. Мусҳафда бундай баён қилинади: «Улар: “Эй Аллоҳ! Агар шу (Қуръон) Сенинг ҳузурингдан экани ҳақ бўлса, (майли) устимизга осмондан тош ёғдир ёки бизга аламли азоб келтир”, – деганларини эсланг!» (Анфол сураси, 32-оят).
Имом Бухорий ривоят қилишича, бу гапни Абу Жаҳл айтган. Баъзи ривоятларда ундан бошқа мушриклар ҳам айтганлари таъкидланади. Бу Қуръони каримни инкор қилишнинг энг мудҳиш кўринишларидан биридир. Бундай оғир гапни инсонийлик табиатини буткул йўқотганларгина айтиши мумкин. Аллоҳ таоло нега улар сўраган азобни юбормади? Қуръони каримда Набий алайҳиссаломга хитоб қилиш орқали бунга жавоб берилади: «Уларнинг ичида Сиз бўлатуриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас. Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол сураси, 33-оят).
Ояти каримадан англашилишича, Аллоҳ таоло икки сабабга кўра мушрикларга ҳалок қилувчи азобни юбормаган. Биринчиси – Аллоҳ таоло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни барча одамларга раҳмат қилиб юборган ва ораларида у зот бор экан, уларни оммавий азобга дучор этмаган. Иккинчиси эса уларнинг истиғфорлари, Аллоҳга тавба қилишларидир. Чунки истиғфор яхшиликлар калитидир.
Хуллас, истиғфор ва салавотларни кўп айтишда фазилат бисёр. Бу амаллар орқали киши иймони мустаҳкамланади, балолардан сақланади, ҳаёти хайр-баракотларга тўлади. Аллоҳ таолога бандалигимизни ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатимизни қанчалик кўп изҳор этсак, Яратганнинг ҳузурида афзал бандалар қаторидан жой оламиз, иншоаллоҳ.
Зуҳриддин ОХУНОВ,
Қувасой шаҳар “Ислом” жоме масжиди имом ноиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws