Устоз-шогирд анъанаси маҳсулидир мазҳаблар
Илмнинг авлоддан-авлодга ўтиб, давом этишида устоз ва китобнинг алоҳида ўрни бор. Илму маърифат шамчироғи инсоният тарихи давомида шу икки машъала билангина ёниб, нур таратиб келмоқда. Аммо китоб ҳам устознинг ўрнини босавермаслиги, балки унинг ичидаги сирасрорларни таълим беришда устоз асосий ўринни эгаллаши айни ҳақиқат. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонни нозил қилар экан, унинг учун энг улуғ устоз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни танлаб олгани ҳам бежиз эмас.
Аждодларимиз кишининг илму фазилатларини устозларига қараб ҳам ўлчашган. Абул Фазл Заранжарий (427– 512/1036–1118) “Имом Абу Ҳанифа маноқиби” номли асарида бундай ёзган: “Бухоролик машҳур аллома, фақиҳ Абу Ҳафс Сағирнинг айтишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг асҳоблари у кишининг олимлар ва тобеинлардан иборат устозларини санашса, тўрт минг нафар экани аёнлашади”. Бу эса бошқа алломалар, муҳтажид олимларникига қараганда Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳнинг устозлари кўплигини англатади”.
Айрим олимлар, жумладан, Солиҳий “Уқуд ал-жумон” китобида Абу Ҳанифа ҳазратларининг устозлари номларини жамлашга уринган: улар 331 нафар бўлган. Заранжарий мисол тарзида уларнинг 133 нафарини келтиради. Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабининг кенг тарқалиши ушбу омилга ҳам боғлиқ.
Ҳанафий мазҳабининг мукаммаллигини бошқа мазҳаб олимлари ҳам тан олишган. Жумладан, моликий мазҳаби вакили Али Тантовий (1909– 1999) бундай дейди: “Бугунги кунда ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Шунингдек, у фуруи (масалалари) ва қавли (сўз ва фатволари) энг кенг, янги қонун-қоидаларни жорий қилиш, янги ҳукмларни ишлаб чиқишда энг фойдалиси ҳамдир. Бунинг сабаби шуки, ҳанафий мазҳаби аббосийлар ва усмонийлар даврида давлатнинг расмий мазҳаби бўлиб келди. Бу эса Ислом тарихининг тўртдан уч қисми ҳисобланади”.
Ҳанафий мазҳаби бошқа мазҳабларнинг келиб чиқишида улкан ўрин тутди, уларга илмий-амалий таъсир ўтказди.
Ҳанафий ва моликий мазҳаблари ўртасидаги устоз-шогирдлик
Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Имом Моликдан ривоят қилди ва Имом Молик ҳам у зотдан баҳраманд бўлди. Бу икки улуғ олим Мадинада учрашгани ва ўзаро суҳбатлашиб, бир-бирлари ҳақида илиқ сўзлар айтишгани манбаларда қайд этилади. Жумладан, Имом Моликнинг Абу Ҳанифа ҳақида бундай дегани келтирилади: “Агар мана бу устунга қараб, унинг олтиндан эканини айтса, албатта, бу сўзига ҳужжат-далил келтирарди”.
Қози Иёз (476–544/1083– 1149) “Тартиб ал-мадорик” асарида бундай ёзади: «(Мисрлик машҳур олим) Лайс ибн Саъд дейди: “Мадинада Имом Молик билан учрашдим ва дедим: “Пешонангизнинг терини артаётганингизни кўряпман?” У: “Абу Ҳанифа билан (сўзлашиб) терладим. Албатта, у етук фақиҳдир”, деди. Сўнгра Абу Ҳанифа билан учрашдим ва Имом Моликни назарда тутиб: “Бу кишининг сиз ҳақингиздаги фикри бунча яхши”, дедим. Абу Ҳанифа деди: “Аллоҳ ҳаққи, ундан кўра ҳозиржавоб ва зуҳди (баҳси) тугал кишини кўрмадим».
Ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари ўртасидаги устоз-шогирдлик
Имом Шофеъий Имом Моликдан ва Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасандан таълим олган.
Имом Шофеъий устози Имом Муҳаммадни эътироф этар, ҳатто бундай дер эди: “Имом Муҳаммад бизнинг ақлимизга мослаб гапирарди. Агар у ўзини ақли билан гапирганида биз унинг сўзларини тушуна олмасдик”.
Имом Шофеъийдан Имом Муҳаммад фазилатига оид кўплаб хабарлар ривоят қилинган. “Тарихи Бағдод” ва “ал-Ансоб” китобларида келган баъзилари қуйидагича: “Муҳаммад ибн Ҳасандан ақллироқ кишини кўрмадим”.
Бир киши Имом Шофеъийга: “Фақиҳлар сизга хилоф қилишяпти”, деди. Шунда у: “Сен ўзи фақиҳни кўрганмисан? Фақат Муҳаммад ибн Ҳасанни кўрганингда эди, фақиҳни кўрган бўлардинг. У кўзни ҳам, қалбни ҳам қувончга тўлдирарди. Мен Муҳаммад ибн Ҳасандан ҳам заковатлироқ кишини кўрмаганман”, деди.
Имом Заҳабий (673– 748/1274–1348) “Сиярул аълом ан-нубало” асарида Шофеъийнинг Имом Муҳаммаддан кўп таълим олганини, ҳатто ундан икки туяга юк бўладиган нарсани ёзиб олганини қайд этган.
Саймарийнинг (351–436) келтиришича, Имом Шофеъий: “Қуръон, фасоҳат, ҳалол-ҳаром, фиқҳий иллатлар, носих-мансухлар борасида Имом Муҳаммаддек билимдон кишини кўрмаганман”, деб айтади.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, Имом Шофеъий ўз “Муснад”ида Имом Муҳаммаддан ривоят қилган. Демак, у ҳадис соҳасида ҳам унинг шайх-устозларидан саналади. Ушбу “Муснад”да Имом Шофеъий ундан Имом Абу Юсуф, Имом Молик ва бошқа олимларнинг ҳадисларини нақл қилган. Бир ўринда эса Имом Шофеъий уни ҳадисда ишончли ровий санаб, бундай дейди: “Бизга Муҳаммад ибн Ҳасан ва бошқа ҳадис ривоятида ростгўй бўлган кишилар ривоят қилишича…”
Имом Шофеъий Имом Муҳаммаддан нафақат илм, балки одоб ҳам ўрганган. Бунга унинг қуйидаги сўзи далилдир: “Ким билан баҳс қилган бўлсам, юзи ўзгарган, бундан фақат Муҳаммад ибн Ҳасан мустаснодир”.
(Давоми бор.)
Жўрабек ЧЎТМАТОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан