Тўғри йўлда собитлик тожи
Не раҳравеки, тожи ҳидоят бошидадур,
Йўқ бок анга ҳаводиси афлок тошидин.
Ҳудҳудки, қўйдилар азалий тож бошиға,
Тушгайму жола ёққон ила тож бошидин?..
Аллоҳ таоло инсонга икки йўлдан биридан юриш ихтиёрини берди. Бири ҳидоят йўли, яна бири залолат йўли. Аллоҳ таоло ўз даргоҳи илоҳийсидан бадарға қилганида: «(Иблис) айтди: “Эй Раббим! Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли, албатта, уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта, уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман”» (Ҳижр сураси, 39-оят).
Шу боисдан шайтоний васваса оқибатида ҳидоят йўлидан озган кимсалар залолат йўлини танлаб, қаттиқ адашадилар. Ҳазрати Навоийнинг мазкур қитъасида “тожи ҳидоят”ни бошига кийган йўловчининг бу дунё йўлидан қандай ўтиши ҳақида сўз бормоқда.
Биринчи сатрдаги “раҳрав” форсийда “йўловчи”, “сайёҳ” маъносини беради. У тўғри ва ҳақ йўлни танлаганидан турли синовларга йўлиқади. Дунё ва замон ҳодисалари унга зарар етказиш учун бошига тошдек ёғилади, лекин у бу йўлдан оғиб, асло эгри йўлга ўтмайди.
Мумтоз адабиётимизда бундай йўловчини ҳудҳуд қушига ўхшатилиши бежиз эмас. Илмий ва бадиий манбаларда ҳудҳуд – қушларнинг муршид-раҳбари бўлиб, уларни кўзланган манзилга тўғри ва ҳақ йўлдан эсон-омон етказиб боради. Тўғрилик ва ростгўйлик тимсолига айланган ҳудҳуд қушларни манзилга эсон-омон етказиб бориши бадиий адабиётда кўп тасвирланган.
Тўғри йўлда собитлик ҳудҳудга азалий тож сифатида тақдим этилгани учун у бошқаларни ҳам ҳақ йўлдан юришга ундайди. Аммо кўпчилик инсонларга шайтони васваса ва нафс Аллоҳ таоло буюрган йўлдан эмас, балки шайтон даъват этган эгри ва қинғир йўлни чиройли қилиб кўрсатади.
“Лисонут тайр” достонида баён этилишича, бир гала қушлар ҳудҳуднинг олдига келиб, ундан ўзларига йўлбошчи бўлишини сўрашади. Ҳудҳуд бунга рози бўлиб, уларга йўл азоби, қийноғи ва ундан ўтиш осон бўлмаслигини хабар беради. У қушларга айтилган йўлдан ўтишда кўплаб тўсиқлар учраши ва унда юриш қийинлигини маълум қилади.
Мажозий тасвирлар асосига қурилган йўлда кўп қушлар манзилга ета олмай, ора йўлда қолиб ҳалок бўлади. Алишер Навоий ҳазратлари “Хамса” достони муқаддимасида ҳақ йўлни танлаганларни “аҳли қабул”, залолат йўлини танлаганларни “аҳли рад” деб атайди.
Яъни ҳақ йўлни танлаб, бошига ҳидоят тожини кийиб йўлга тушганлар синов-имтиҳон, бало ва мусибат келганида довдирамайди, ўзини йўқотиб қўймайди, Ҳақни ёддан чиқармайди. Йўлда юриш баробарида Ҳаққа илтижо қилади, яхшилик ва неъмат етганида шукр қилиб, Уни улуғлайди.
Ота-боболаримиз “тўғри йўлдан юр, эгри йўлдан қоч” деб уқтиришида ҳам шу маъно бор. Инсон ақл-фаросатини ишлатиб, тўғри йўлни танлаши, унинг машаққатидан қочмаслиги керак. Шуни амалда бажара олса, бу дунёда кўзланган манзилга эсон-омон етиб олади.
Қуръони каримда ҳам бу икки йўл эгалари таърифланиб, бири ўнг томон эгалари деб аталса, яна бири чап томон эгалари дейилган: “Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир!..” (Воқеа сураси, 8–9-оятлар).
Буюк мутафаккир тўрт сатрда шундай улкан ҳақиқатни баён этиб, ҳақ ва тўғри йўлда юриш осон бўлмаслиги, бу йўлда турли синовларга дуч келиш табиий эканини бадиий бўёқлар воситасида тасвирлаб берган.
Бобомурод ЭРАЛИ
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws