«Ҳамд уйи…»
– Ҳар ишда ҳикмат бор, – дейди Заҳро опа. – Қизим тўсатдан саратон билан оғриди. Унинг бачадонидаги хавфли ўсмта бутун танасини эгаллай бошлабди. Барча чора-тадбирларни қилдик, ҳатто Ҳиндистонда даволатдик. Бирга дард чекдим десам, хато бўлмайди. “Учта норасида боласи етим бўлиб қоладими?” деб кўп сиқилдим. Бир куни устозларимдан бирига қўнғироқ қилиб, юрагимни бўшатдим. Устоз сабр қилишимни, ҳар иш Аллоҳдан эканини ва бир аёлнинг ҳали турмуш кўрмаган қизи саратон касаллигига чалиниб вафот этганини айтиб берди.
Ҳа, ота-она фарзандининг ўлимига тоқат қилиши осон эмас. Аммо фарзанд доғига сабр қилишнинг мукофотини Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи бергай!
Имом Термизийдан келтирилган бир ривоятда айтилишича, ёш фарзанди ўлганида Аллоҳ таоло (билиб турса ҳам) фаришталаридан сўрар экан:
– Бандамнинг боласини олдингиз, қалбининг бир парчасини юлдингиз. Қулим бунга нима деди?
– Ё Раб, ҳамд айтиб, таслим бўлди.
Шунда Аллоҳ таоло:
– Бу қулимга жаннатда бир кўшк қуриб, уни “Ҳамд уйи” деб номланг! – дейди.
Имом Насоий ривоятида: «Қиёматда У Зот мўминларнинг эрта вафот этган фарзандлари ҳақида: “Буларни жаннатга киритинг!” деб буюради. Болаларга фаришталар жаннатга киришини айтади. Улар эса: “Ота-онамиз қани?” деб сўрашади. Фаришталар: “Улар сизлардек гуноҳсиз эмас. Ҳисоб-китоблари кўрилади”, дейишади. Болалар: “Ота-онамизсиз жаннатга кирмаймиз!” дейишади. Шунда Жаноби Ҳақ: “Эй норасидалар, ота-онангиз билан жаннатга киринглар!” дея марҳамат қилади», дейилган.
Ота-онанинг дуоси, шубҳасиз, ижобатдир. Болаларимиз ҳақига чиройли дуо қилайлик. Зеро, Қуръони каримда:
“Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир”, дейилади (Иброҳим сураси, 7-оят).
Биз “Алҳамдулиллаҳ!” дейлик. Ўзи бандаларига меҳрибон Зотдир.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws