Деҳқонободнинг ”Татар чеча”си
Мудҳиш қирғинбаротларини эслаган кишининг ҳали ҳам этини жунжиктириб юборадиган Иккинчи жаҳон урушида 73 та мустақил давлатдан 62 таси иштирок этганди. Бу машъум воқеа Ер юзи аҳолисининг 80 фоизини қамраб олган.
Уруш йилларида Ўзбекистон аҳолиси тахминан 6,5 миллион киши бўлган. Жанглар кечаётган ҳудудлардан мамлакатимизга 1,5 миллион нафардан ортиқ одам кўчириб келинган. Уларга бағрикенг юртдошларимиз меҳрларини аяшмаган.
Уруш бошланиши билан қанчадан-қанча ўғлонларимиз жангга жўнатилган. Улар орасида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Қизилюлдуз қишлоғидан мулла Номоз бобонинг ҳам беш ўғли бор эди.
Мулла Номоз бобо ёшлигида Бухоро мадрасаларида 15 йил таълим олди. Ғузор тўрасининг маслаҳатчиси бўлиб кўп йиллар ишлади. Уруш тугагани эълон қилинди-ю, бироқ унинг ўғилларидан дарак бўлмади. Орадан анча йил ўтса-да, мулла бобо ўғиллари келишидан умидини узмади.
Тушида кенжаси Абдурашиднинг Ватанга қайтганини кўрди. Шу кундан бошлаб кенжа ўғлининг келишини интиқ кутди. У қариндошларию таниш-билишларига:
“Ҳали кўрасизлар, ўғилларим келади. Ҳеч бўлмаса, Абдурашидим келади”, — деб, ўзига-ўзи гапирадиган бўлиб қолди.
Шу тариқа мулла бобо омонатини топширди.
Йиллар ўтиб, Номоз бобонинг туши ҳақиқатга айланди: Абдурашид Ватанига қайтди, қишлоғига келди. Унинг келганига гувоҳ бўлган одамлар мулла бобо авлиё бўлган экан, деган хаёлга келдилар.
Кунларнинг бирида Абдурашиднинг онаси:
“Ўғлим, отанг Ватанга қайтишингни тушида аён бўлганини, умрининг охиригача сени бағрига босишни, болаларингни кўришни умид қилиб, бу дунёдан ўтиб кетди. Қарши бўлмасанг, сени уйлантириб қўйсак. Нима дейсан?” — дея ўғлининг кўнглига қўл солди.
Абдурашид эса:
“Мен уйланганман, бир ўғлим бор. Онажон, хоҳласангиз, набирангизни олиб келаман”, — деди.
Онаси эса ҳеч қачон бундай қилмаслигини, уни эсдан чиқаришини, бу сўзларни тилига ҳам олмаслигини, маҳалла-кўй эшитса, “шунча ўзбек қизи туриб рус келин олибди”, деган дашномни эшита олмаслигини айтди.
Кунларнинг бирида тушлик маҳали дастурхон атрофида ўтириб, онанинг кўзи Абдурашиднинг тиззасидаги ямоққа тушиб қолди ва:
“Бу буругингга (шимингга) ким ямоқ солган, ўғлим?” — деб ҳайрон бўлиб, ўзига-ўзи гапира бошлади.
Ўғил онасига:
“Сиз кўришни истамаган рус келинингиз ямоқ солган”, — деди.
Она бундай меҳр билан ямоқ солган қизларни кўрмаганини, қишлоқда хотин-қизлар қўй жунини йигириб, ип тайёрлашларини, гилам тўқишларини, ҳатто ўтов ёпинчиқларини тайёрлашларини кўрганини айтди. Аммо бунчалик чиройли ямоқ солинганини биринчи марта кўрган эди.
Зеро, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Тежамкор бўлган камбағал бўлмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Бу иш ҳатто ўзининг ҳам қўлидан келмаслигини англаган она қилган ишидан афсусланди.
Абдурашиднинг татаристонлик хотини Рапидахон ва унинг бир ўғлини қишлоқдошлари илиқ кутиб олишди. Она хурсандлигидан неварасига Беккелди деб исм қўйди.
Рапидахон тез орада ўзбек қишлоғининг урф-одатларини ўзлаштириб олди. Бутун қишлоқ аҳли, қариндошлар ўртасида унинг ҳурмати ошди.
Рапидахон 7 ўғил ва бир қизнинг онаси бўлди. Рапидахоннинг оиласига меҳри бутун ўлкага достон бўлди.
Қишлоқ аҳолиси ва қариндошлар Рапидахонни “Татар чеча” деб чақиришар ва бу сўз замирида катта ҳурмат мужассам эди. “Татар чеча” бўлишни қишлоқнинг ҳар бир хотин-қизи орзу қиларди…
Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,
Халқ депутатлари Олмазор тумани Кенгаши депутати
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 1-сонидан