ҚУРЪОН ХАТМОНАЛАРИ ВА ҚАДР КЕЧАСИ ФАЙЗИДАН ДИЛЛАР НУРАФШОН БЎЛДИ
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда 27 кун давом этган хатми Қуръонларда хушовоз қориларнинг бир-биридан гўзал тиловатлари қалбларни хушнуд этди.
16 март – душанба куни, Қадр кечаси оқшомида 1765 та масжидда бўлиб ўтган Қуръони карим хатмоналари эса қалбларга сурур бағишлади.
Диёримиз бўйлаб хатми Қуръонлар ўқилган масжидларда юртдошларимиз бир вақтнинг ўзида хатмонадан кейинги дуоларга қўл очишди.
Жумладан, пойтахтимиздаги “Ҳазрати Имом” масжидига йиғилган юртдошларимиз ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги дуоларда она-Ватанимиз, Давлатимиз Раҳбари, миллатимиз, уммат ва аҳли оилалари ҳаққига яхшиликлар сўрашди.
Дарҳақиқат, бу йилги улуғ ойда халқимиз ҳаётида катта тарихий воқелик ҳам юз берди. Давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, амалга оширилган хайрия ишлари туфайли миллионлаб қалбларга мамнунлик улашилди. Мана шундай улуғ дамларда эзгу ишларга бош-қош бўлганлар ҳақига ҳам дуолар қилинди. Юртдошларимизнинг илтижолари ижобатидан юртимиз янада обод, ҳаётимиз фаровон бўлади, инша Аллоҳ.
Аллоҳ таоло барчамизни Қадр кечаси, хатми Қуръонлар ва жамоат билан қилинган дуолар фазлидан баҳраманд айласин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати