Фазилатда тенгсиз ой
Рамазон Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ой фазилати ҳақида бундай деганлар: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёми (тунги намози)ни сизлар учун суннат қилдим. Ким иймон ва ишонч билан, савоб умидида рўза тутса ва кечалари ибодат учун қоим бўлса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок бўлади” (Имом Насоий ривояти).
Рамазон рўзасини холис, Аллоҳ учун тутганнинг гуноҳлари кечирилади. Бу ойда рўза тутган, таровеҳ намозларида Қуръон тиловатини тинглаган, кўп эҳсон қилган мўминлар улуғ ажрларга эришади. Бу ойдаги бир фарз амалга бошқа ойлардаги етмишта фарзнинг савоби ёки 70 дан 700 баробаргача ажрлар ёзилади.
Қуръони каримда: “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва (ҳамма нарсани) билувчи Зотдир”, дея марҳамат қи линган (Бақара сураси, 261-оят).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Садақанинг энг афзали Рама зонда қилинган садақадир”, дейилган (Имом Термизий ривояти).
Бу ойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саховатлари одатдаги данда ортиқ бўларди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саховатларини мадҳ этиб, бундай деган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг жўмарди эдилар. Айниқса, Рамазон ойида ёмғир келтирадиган шамолдан ҳам сахийроқ бўлар эдилар (яъни, ёмғирли шамол барчага бирдек фойда келтиргани каби, у зотнинг саховатларидан ҳам барча баҳраманд бўлар эди” (Муттафақун алайҳ).
Эҳсоннинг катта-кичиги бўлмайди. Озгина қилинган хайрия ҳам Аллоҳнинг наздида улкан бўлиши мумкин. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ҳалол касбдан топганидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса – ҳолбуки, Аллоҳ фақат ҳалолини қабул қилади – Аллоҳ уни ўнги билан, яъни ниҳоятда хурсандлик ила қабул қилади. Сўнгра уни эгаси учун худди бирингиз ўз тойчоғини ўстирганидек ўстиради, ҳатто у тоғдек бўлиб кетади”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Шукрки, бугун халқимиз орасида рўзғори бут, фаровон яшаётган инсонлар кўп. Эҳтиёжмандлар ҳам йўқ эмас. Улардан хабар олиш биринчи навбатда қўни-қўшни ва яқинлари зиммасига тушса, маҳалла-кўй ҳам бу борада бефарқ бўлмаслиги лозим. Зеро, ота-боболаримиз неча асрларки, Пайғамбаримиз суннатларини ўзларига дастуриламал қилиб, бир майизни қирқ бўлиб еганлар. Шу орқали ўзаро меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланган.
Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, у кишига ҳам рўза тутганнинг ажридек савоб берилади. Бунда рўзадорнинг рўзаси савобидан бирор нарса камайтирилмайди”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Юртимизда Рамазон кунлари ифторлик дастурхони ёзиш урфга кирган. Албатта, бу қувонарли ҳол. Аммо ифторликларни дабдабага айлантириш динимиз таълимотига мутлақо зиддир. Муҳтожларга хайру эҳсон улашсак ёки уларни ифторлик дастурхонимизга таклиф этсак, савоби улуғдир.
Таъкидлаш жоиз, юртимизда Рамазон ойида хайрли ташаббуслар йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор, боқувчисини йў қотган оилалардан хабар олиш, уларга ифторликлар ташкил этиш ишлари кенг қулоч ёйди. Бу хайрли ишларда нафақат диний соҳа ходимлари, балки кўплаб ташкилотлар ва саховатли юртдошларимиз ҳам ташаббус билан чиқаётгани қувонарлидир. Уларнинг кўмагида минглаб кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашилмоқда.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Амалларнинг энг яхшиси мўмин биродаринг қалбига хурсандчилик киргизишинг ёки унинг қарзини узишга кўмаклашишинг ёхуд унга бирор яхши таом беришингдир”, дея марҳамат қилганлар (Имом Ибн Абуд Дунё ва Имом Дайламий ривояти).
Шу маънода, Рамазон ойини том маънода саховат, меҳр-муҳаббат ойига айлантирганлар фойда олди. Ғанимат онларининг ҳар дақиқасидан фойдаланиб, улкан ажрларни қўлга киритди. Бизларни ҳам шундай мўминлардан қилган бўлсин.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws