Фаришталарнинг қарғишига қолмайлик
Айрим арзимас ишлар борки, баъзан одамни қийин вазиятга солиб қўйиши мумкин. Шулардан бири ножўя ва бефойда сўзларни айтишдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда маъносини яхши англамаган ҳолда бир сўз гапиради-да, шу сўз туфайли дўзахга қулаб, (туби) машриқ билан мағриб орасидан ҳам чуқурроқ бўлган чоҳга тушади” (Имом Муслим ривояти).
Ғийбат, туҳмат, чақимчилик, иғво тарқатиш, бировни ҳақорат қилиш ва дилозорлик энг ёмон иллатлардан. Динимизда булар ҳаром саналади. Ҳатто айрим мубоҳ сўзларни ўйламай-нетмай гапиравериш ҳам бора-бора ҳаромга айланиши мумкин. Ҳолбуки, мусулмонлар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам бир-бирлари ҳақида фақат яхши гумон қилишга буюрилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини фақатгина яхши нарсани гапиришга ёки жим туришга ундаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти)».
Баъзи одамлар ғийбатнинг ҳаромлигини била туриб, кимнидир ёмонлайди. Шу сингари ишларни енгил санаш оқибатида улкан гуноҳлар содир бўлиши мумкин. Айниқса, баъзилар фойдасиз бўлган гапгаштак, чойхоналарда соатлаб вақтини беҳуда ўтказади. Гоҳида эса, айрим жанозага келган кимсаларнинг жамоат намозига кирмай масжид ҳовлисида нос чекиб, тамаки тутатиб турганига гувоҳ бўламиз. Уларга масжид гапхона эмаслигини англатиш мушкул.
Фатво китобларида айтилади: “Бир киши масжид чироғи намоз учун ёқилган пайтда китоб ўқимоқчи бўлса, зарари йўқ. Агар жамоат намозини тугатиб уйларига кетган бўлсалар ва чироқ ёқиқ қолиб бир киши китоб ўқимоқчи бўлса, кечанинг учдан биригача ўқиса бўлади. Кечанинг учдан биридан кейин масжиднинг чироғида дарс қилиши, дарс бериши жоиз эмас. “Қозихон”да шундай дейилган” (“Фатавойи ҳиндия”).
Масжид Аллоҳнинг байтидир. Унинг одобларига риоя қилиш зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Масжид ичида дунёвий сўзларни гапириш худди олов ўтинни ёндириб юборганидек яхшиликларни куйдириб юборади” дедилар.
Бошқа ҳадисларда: «Бирор киши масжидда дунёвий сўзларни сўзлай бошласа, унга фаришталар: “Эй Аллоҳнинг дўсти, жим бўлинг”, дейдилар. Агар у гапида давом этса, фаришталар унга: “Эй Аллоҳнинг душмани, жим бўл”, дейдилар. Агар у яна гапида давом этса, фаришталар унга: “Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, жим бўл”, дейдилар», деганлар (Мадхал). Хулоса ўзингиздан…
Жаъфархон ҒОЗИХОН ўғли
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws