Шавволдаги нафл рўза
Шаввол ҳам фазилатли ва баракотли ойлардандир. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойининг олти кун рўзасини унга уласа, у йил бўйи рўза тутгандек бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ушбу муборак ҳадисга мувофиқ, Рамазон рўзасига шавволнинг олти кунини ҳам қўшиб рўза тутган кишига бир йиллик рўзанинг савоби берилади. Зеро, Аллоҳ таоло: «Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)…» деб марҳамат қилган (Анъом сураси, 160-оят).
Шавволнинг рўзасини Рамазон ҳайитининг эртасига ёки ойнинг исталган кунларида тутиш мумкин. Мазкур олти кунлик рўза Рамазон рўзасидаги йўл қўйилган хато, нуқсон, камчиликларга ҳам каффорат бўлади. Қолаверса, шавволнинг олти кунида рўза тутиш ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан малолланмаганига, балки унга рағбати кучли эканига далолат қилади.
Аллома Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: “Рамазон ойидан кейин рўза тутиб юришга одатланиш Рамазон ойи рўзасининг қабул бўлгани белгисидир. Чунки Аллоҳ таоло бандасининг бирор амалини қабул қилса, ундан кейин уни (бошқа) солиҳ, хайрли ишларга бошлайди”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws