Одамлар орасида юрадиган нур
Қуръон баракаси Қуръоннинг фазилатларини билсангиз, унинг баракасидан баҳраманд бўласиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръон нозил бўлишидан олдин қандай эдилар ва у нозил бўлгандан кейин қандай бўлдилар?
Дунё Қуръон нозил бўлишидан олдин қандай эди ва кейин қандай бўлди?
Сиз Қуръон ёдлашингиздан олдин қандай эдингиз ва сўнгра қандай бўласиз?
Фарқ жуда катта! Бу икки ҳолатдаги ажру савобларни солиштириб бўлмайди. У иймон, ахлоқ ва хислатлардаги фарқдир.
Демак, “Нега Қуръон ёдлаймиз?” эмас, балки “Нега Қуръонни ёд олмаслигимиз керак?” деган саволни ўртага ташлаш ва жавобини сўзда эмас, амалда исботлаш керак.
Аллоҳ ихтиёр этган нарсани танлайман
Кўпчилик Қуръон тиловатини танлайди. Аммо Аллоҳ Расулига Қуръонни ёд олишни ихтиёр этган. Сиз қай бирини танлайсиз?
Зеро, Аллоҳ таоло айнан Мусҳаф ўқувчи учун буюк ажрлар ваъда қилган. Қуръонни ёддан ўқиган бандага Аллоҳ таоло жаннат кўшкларида қандай мақом тайёрлаган экана?!
Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом дедилар: “Қуръонни ўқиб, ёд олган киши ҳурматли ва мукаррам фаришталар билан биргадир. Қуръонни тутилиб, қийналиб ўқийдиган кишига икки ажр бордир”» (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳнинг Каломини тинглаб… Ҳар ким истаганича гапираверсин. Сўзингиз Ер ва осмонлар Раббиси Каломи бўлишига нима дейсиз? Одамларнинг ўзаро мулоҳазаларини истаганча эшитасиз. Аллоҳнинг Каломи энг улуғ ва энг рост сўз бўлиб, Парвардигор халойиққа уни сиз орқали эшиттиришидан ортиқ мақом борми? Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг: “Агар мушриклардан бирортаси паноҳ сўраса, унга паноҳ бор, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин” (Тавба сураси, 6-оят), деган каломини этишгансиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом доим хутбаларини бундай бошлар эдилар: “Албатта, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳ таолонинг Китобидир” (Имом Муслим ривояти).
Бир ривоятида бундай келган: “Сўзларнинг энг рости Аллоҳ таолонинг Китобидир” (Имом Насоий ривояти).
Танловга марҳамат!
Қуръонни ёдлаш ўзимнинг ихтиёримда, деб ўйламанг. Бу Аллоҳ таолонинг танлови бўлиб, унинг муҳаббатига далилдир.
Исма ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар Қуръон терида жамланса, уни олов куйдирмайди”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний ривояти).
Расулуллоҳнинг рисолатлари
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Пайғамбарлигини қаерга қўйишни Аллоҳнинг Ўзи яхши биладир” (Анъом сураси, 124-оят).
Қуръони карим Набий алайҳиссаломнинг рисолатларидаги энг улуғ нарса эмасми? Яхшиси, сиз Қуръонни ёдлаб, одамларга етказинг, ҳидоятга йўллаб, Аллоҳ таоло каломида назарда тутганлардан бирига айланинг: “Одамлар орасида юрадиган нур” (Анъом сураси, 122-оят).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан гарчи бир оят бўлса ҳам, етказинглар” деганлар» (Имом Бухорий ривояти).
(Давоми бор)
Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси
http://hidoyatuz.taplink.ws