“Arab News”: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази тараққиёт рамзига айланди
“Arab News”халқаро нашри “Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди” сарлавҳали мақолани чоп этди, унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий очилиш маросимида иштирок этгани ҳақида таъкидланган, деб хабар беради “Дунё” ахборот нашри.
Нашрнинг ёзишича, давлат раҳбари Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда илгари сурилган ва кенг доирадаги халқаро кўмак билан амалга оширилган кенг кўламли лойиҳанинг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Унда марказ илмий, маънавий ва таълим тараққиётининг рамзи, шунингдек, ислом меросини ўрганиш ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш учун муҳим халқаро платформа сифатида қаралиши таъкидланган.
Нашрнинг ёзишича, очилиш маросими ифторлик билан бирлаштирилиб, жамоатчилик, дин арбоблари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакилларини бирлаштирган.
Таъкидланишича, марказ тарихий Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида жойлашган ва минтақанинг исломгача бўлган даврдан замонавий Ўзбекистонгача бўлган кўп асрлик тарихини акс эттиради. Марказнинг асоси Қуръон зали бўлиб, унда марказнинг энг муҳим тарихий хазинаси ҳисобланган энг қадимий қўлёзмалардан бири – Усмон Қуръони сақланмоқда.
Бундан ташқари, муассаса коллекциялари фаол равишда кенгайиб бормоқда: фақат сўнгги бир йил ичида улар 1500 дан ортиқ буюмларга, жумладан, ноёб қўлёзмалар, археологик топилмалар ва тарихий хариталарга кўпайди. Марказда бир нечта нуфузли халқаро ташкилотларнинг офислари жойлашган бўлиб, бу унинг глобал илмий ва таълим маскани сифатидаги аҳамиятини оширади.
Мақолада халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Саудия Aрабистони Каъбанинг муқаддас кисвасининг (Каъбапўш) бир қисмини – Исломнинг энг муқаддас жойини безаб турган қопламани – марказга совға қилгани, бу икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкамланишини рамзий маънода таъкидланган.
Илёс Аҳмедов тайёрлади.