Қабр азоби, қиёмат аломатлари
Ояти каримада бундай огоҳлантиради: «Токи улардан (мушриклардан) бирортасига ўлим келганида: “Эй Раббим! Мени (яна ҳаётга) қайтарингиз! Шояд, мен тарк этган жойим (дунё)да яхши амал қилсам”, дер. Йўқ! (У асло қайтарилмас). Бу ҳақиқатан у айтувчиси бўлган сўздир. Уларнинг ортида, то қайта тириладиган кунларигача (икки дунё ўртасини тўсиб турадиган) бир тўсиқ бордир» (Муъминун сураси, 99-100-оятлар).
Имом Мотуридийнинг фикрича, бу оят қабр ҳаётига алоқадор эмас. Жаҳаннам аҳли оташ билан жазоланишидан аввал кирадиган ери ўзига кўрсатилиб, бунинг вақти эса ҳисоб-китоб куни бўлади, дея таъкидлайди.
Яна бир оятда бундай дейилади: «Улар: “Ҳолимизга вой! Ким бизларни ухлаётган жойимиздан уйғотди?” деганларида, (уларга:) “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар сўзлаган рост нарса (қиёмат)дир” (дейилур)» (Ёсин сураси, 52-оят). Қабр азобини инкор этадиганлар ушбу оят билан ўз қарашларини бундай асосламоқчи бўлишади: “Қабр уйқу ва ҳордиқ олиш жойидир. Агар қабрда азоб бўлганида, уларнинг ҳоли уйқудан уйғонувчи сифатида зикр қилинмас эди”.
Қабр азобини ҳақ деб биладиган бир гуруҳ олимлар ушбу оятни “Қиёматнинг шиддати қаршисида қабр азоби гўё уйқуда ўтгандек арзимас бўлиб қолади”, деб шарҳлайдилар. Баъзилар эса: “Қабрда маййитлар маълум муддат азоб тортганларидан сўнг уларга ухлашга изн берилади. Шунинг учун қиёмат бўлганида чўчиб уйғонишади”, дейишган.
Имом Мотуридийнинг фикрича, қабрда маййитга охиратдаги азоби ёки мукофоти кўрсатилади. Имом Мотуридий таваллудига 1155 йил Қабр азоби, қиёмат аломатлари Ҳақиқий азобни ёки мукофотни ҳисоб-китобдан кейин олади.
* * *
«Улар фақат (жон олувчи) фаришталар келишини ё Раббингиз (азоби) келишини ёки Раббингиз белгилари (қиёмат аломатлари) дан баъзиси келишинигина кутмоқдалар, Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) иймони фойда бермайди. Айтинг: “Кутаверингиз, биз ҳам кутувчилармиз”» (Анъом сураси, 158-оят).
Оятдаги “Раббингиз белгиларидан баъзиси” иборасини икки хил шарҳлаш мумкин. Биринчи талқинга кўра, у – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишлари. Зеро, у зот пайғамбарларнинг энг сўнггиси бўлиб, у зот алайҳиссалом билан пайғамбарлик ниҳоясига етди. Сарвари оламнинг ўзлари икки бармоқларини ёнма-ён қилиб: “Менинг юборилишим ва қиёмат мана шу икковидек бир-бирига яқиндир”, деганлар. Ушбу талқинга кўра, қиёматнинг белгилари аллақачон рўёбга чиққан ҳисобланади.
Иккинчиси, Дажжолнинг чиқиши, Исо алайҳиссаломнинг Ерга тушиши, “доббатул арз”нинг пайдо бўлиши каби қиёмат аломатлари юзага келишидир. Ҳасан Басрий ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлаган.
“(Ўша) куни эса олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) иймони фойда бермайди” оятига Имом Мотуридий икки хил изоҳ беради. Биринчиси, бундай аломатларнинг юзага чиқиши тавбанинг қабул қилиниши учун белгиланган сўнгги чегара ҳисобланади. Иккинчиси, айнан шу ҳолатда иймон келтиришнинг имконсиз эканидир.
Музаффар КОМИЛОВ, Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws