Аллоҳ раҳм этган жуфтлик
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Кечаси туриб намоз ўқиган ва аёлини ҳам уйғотган, агар у ялвоқлик қилса, юзига енгил сув сепиб бўлса-да уйғотган кишини Аллоҳ раҳм қилсин. Шунингдек, кечаси намоз ўқиш учун уйғонган ва эрини ҳам уйғотган, агар у ялқовлик қилса, юзига енгил сув сепиб бўлса-да уйғотган аёлни ҳам Аллоҳ раҳм қилсин» (Имом Абу Довуд, Имом Насоий ва Ибн Можа ривояти).
Ушбу ҳадисда тунги ибодат, хусусан, таҳажжуд намозининг мўмин-мўминалар ҳаётидаги ўрни ва уни оила доирасида қўллашнинг фазилати очиқ баён этилган. Ислом таълимотига кўра, нафл ибодатлар ичида таҳажжуд намози энг афзал ҳисобланади. Чунки у ихлос ва сабр билан ҳеч ким кўрмайдиган тун пайтида бажарилади.
Ҳадис мазмунидан англашиладики, эр-хотинлардан қай бири туннинг ярми ёки охирги қисмида уйғониб, таҳорат қилиб, намоз ўқиса ва жуфти ҳалолини ҳам шу хайрли амалга ундаса, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлади. Матнда келган «Аллоҳ раҳм қилсин» (رحم الله) ибораси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг дуолари бўлиб, мазкур амалнинг нақадар улуғ эканини кўрсатади.
Агар жуфти ҳалолининг уйқуси қаттиқ бўлиб, ибодатга дарҳол уйғонмаса, уни юзига енгил сув томчилатиш орқали уйғотишга рухсат берилган. Бу ерда зўравонлик ёки безовта қилиш мақсад қилинмаган, балки ўз жуфтининг савобдан маҳрум қолиши олдини олиш, уни маънавий юксалишга чорлаш кўзда тутилган.
Одатда “умр йўлдоши”, “ёстиқдоши” каби иборалар дунёвий ишларда қўлланади. Аммо исломий қарашда мўмин инсон учун ҳаёт фақат бу дунёдан иборат эмас. Балки энг муҳими, охират диёри эканидан хабар беради. Шу боис солиҳ ва солиҳа эр-хотинлар нафақат дунё ташвишларини бирга енгиб ўтади, балки охиратга тайёргарликлари ҳам баъзи амалларда бирга туриб ибодат қилиш кечади. Бу эса Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Абу Зар розияллоҳу анҳуга дунёни бундай таърифлаганлар: «Денгиз чуқур, кемангни яхшилаб текшир. Сафар олис, озуқангни тўлиқ қил. Йўл тик, юкингни енгил тут. Амалингда ихлосли бўл, чунки Парвардигоринг сендан хабардордир» (Имом Дайламий ривояти).
Бу қиёслар орқали охират сафари жуда машаққатли экани, унга жиддий тайёргарлик зарурлиги таъкидланади. Шу сабабли инсон, аввало, ўзини, кейин эса жуфти ҳалоли ва фарзандларини ҳам маънавий тарбия қилиши лозим.
Манбаларда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айниқса Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида оила аъзоларини тунги ибодатга уйғотар, уларни намоз ва зикрга рағбатлантирар эдилар. Шунингдек, тунги ёки бомдод намози учун бир-бирини уйғотадиган оила аҳиллари учун Аллоҳ раҳмат ва мағфират сўраб дуо қилганлар.
Оила аъзоларини ширин уйқудан уйғотиш инсонга ноқулай туюлиши мумкин. Аммо охиратни унутмаслик, вақтинчалик роҳатни абадий саодатдан устун қўймаслик мўминга хос фазилатдир. Тун қоронғилигини таҳажжуд ва бомдод намозлари нури билан ёритиш Аллоҳ таолога маҳбуб амаллардандир. Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 35-оят).
Шунингдек, бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар бир киши кечаси хотинини уйғотса ва улар биргаликда ёки алоҳида икки ракат намоз ўқишса, улар Аллоҳни кўп зикр қилувчилар кишилар қаторига ёзилади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).
Демак, ҳақиқий бахтли оила – дунё ва охират мақсадларини уйғунлаштирган, бир-бирини ибодат ва тақво йўлида қўллаб-қувватлайдиган оиладир. Аллоҳ таоло барчамизни шундай бахтли жуфтликлар сафида қилсин.
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан