Либослари нурмиди, нурданмиди?
Аҳли китобнинг қўлидаги Тавротда мавзуга доир шундай ифода келтирилган:
“Тақиқланган дарахт мевасидан ейишни Ҳаввога илон ташвиқ қилган эди. Ўша чоқда илон гўзал ва муҳташам бир суратда кўринган эди. Ҳавво илоннинг гапига ишониб тақиқланган дарахт мевасидан еди ва Одамга ҳам берди. У ерда Иблиснинг номи тилга олинмаган. Мевани еганларидан сўнг кўзлари очилди. Яланғоч эканликларини кўрдилар ва анжир баргларига қўл узатдилар, япроқлар билан танасини ўрай бошладилар. У ерда иккови ҳам яланғоч эди”[1].
Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Одам ва Ҳаввонинг кийимлари нурдан эди. Ҳар иккисининг ҳам ҳаё жойларида нур бор эди”.
Аҳли китобнинг қўлидаги Тавротдан бу ифодалар жой олган. Улар бу ифодаларни арабчалаштирганда сохталаштириш ва ўзгаришлар қилганлар. Чунки бир тилдан бошқа бир тилга таржима қилиш ҳар кимга ҳам насиб қиладиган ишлардан эмас. Айниқса, арабчани яхши билмаган, арабча китобларни ўқий оладиган даражада билим соҳиби бўлмаган кимсалар арабчага ёки арабчадан бошқа тилга тиржима қила олмайдилар. Шу маънодаки, Аҳли китоблар Тавротни арабчага ўгираркан, лафз ва маъно жиҳатидан бир неча хатолар қилганлар.
Арабчага ўгирилган Тавротда Одам ва Ҳаввонинг кийимсиз эканликлари англатилмоқда. Қуръони каримда эса икковининг ҳам эгнида кийимлари бўлганини “Эй Одам авлоди! Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига кўрсатиб (уялтириб) жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин! Зеро, у ва унинг тўдаси сизлар уларни кўра олмайдиган тарафдан сизларни кўрадилар”[2], деган мазмунда ифода этган. Бу бошқалар рад эта олмайдиган сўздир. Энг тўғрисини Аллоҳ билгувчи.
• Ибн Абу Хотим айтади: Али Ибнул-Ҳасан ибн Ашқоб бизга Али ибн Осимдан, у Саид ибн Абу Арубадан, у Қатодадан, у Ҳасандан, у Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай хабар қилганлари нақл қилинган:
“Одам баланд бўйли, қуюқ сочли, кўркам суратда яратилди. Баланд бир хурмо дарахти каби эди. (Ейилиши тақиқланган) дарахт мевасидан еганидан кейин эгнидаги кийими тушди. Илк кўринган аъзолари аврат жойлари бўлди. Аврат жойини кўрганидан сўнг жаннатда югура бошлади, югуриб бораётганда сочи бир дарахтга илашиб қолди. Сочини тортиб чиқармоқчи бўлиб турганида Аллоҳ таоло унга:
– Эй Одам! Мендан қочяпсанми? – деб хитоб қилди. Раҳмоннинг овозини эшитган одам:
– Йўқ, эй Раббим! Сендан қочмаяпман, Аммо уяляпман! – деб жавоб берди”[3].
• (Суфён) ас-Саврий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан “ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар”[4] оятида келган “япроқ” сўзидан мурод “анжир дарахтининг япроғи” эканини нақл қилган[5].
* Бу саҳиҳ санаддир. Гўёки Аҳли китобдан олинган кабидир. Оятнинг зоҳири бундан ҳам умумийроқ бўлган бир маънони талаб қилмоқда. Аммо юқоридаги маънони қабул этишнинг ҳам зарари йўқ. Янада тўғрисини Аллоҳ билгувчидир.
• Ҳофиз ибн Асокир Муҳаммад ибн Исҳоқдан, у Ҳасан ибн Зақвондан, у Ҳасан ал-Басрийдан, у Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай хабар қилганлар:
“Отамиз Одам узун бир хурмо дарахти каби бўлиб, бўйи олтмиш аршин, қуюқ сочли ва уят жойлари ўралган одам эди. Жаннатда гуноҳ иш қилганидан кейин уят жойлари ўзига кўринди. Бу ҳолини кўриб жаннатдан чиқди. Бир дарахтга дуч келди, дарахт унинг пешонасидан тутди. Рабби унга:
– Эй Одам! Қочишинг Менданми? – деб хитоб қилди. Одам эса:
– Йўқ, эй Раббим! Қилган ишим учун Сендан уялганимдан қочяпман! – деди”[6].
• Яна Ҳофиз ибн Асокир бу ҳадисни Саид ибн Арубадан, у Қатодадан, у Ҳасандан, у Утайй ибн Дамрадан, у Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шунга ўхшаш лафз билан ривоят қилган[7].
* Бу ҳадис янада саҳиҳдир. Чунки (олдинги ҳадиснинг санадидан ўрин олган) Ҳасан ал-Басрий Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга етиша олмаган[8].
• Яна Ҳофиз ибн Асокир бу ҳадисни Ҳайсама ибн Сулаймон ал-Атроблусийдан, у Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Аби Мирсафо ал-Асқалонийдан, у Одам ибн Абулайсдан, у Синондан, у Қатодадан, у Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан марфуъ ўлароқ ўхшаш лафз билан ҳам нақл этган[9].
(Ибн Касирнинг “Пайғамбарлар тарихи” китобидан)
***
“Суҳбатининг асосий мавзулари шулардир. Улар қанча вақт гаплашдилар, Иблис уларни нималар деб авради, ҳазрати Одам ва Ҳавво қанча вақт унга ишонмай турдилар бу масалада айтадиган гап, берадиган билим йўқ. Фақат Иблиснинг “Келинг, шу мевадан енг”, дегани заҳоти енгилмагани аниқ. Аёнки, Иблис Қуръони каримда ҳам хабар қилинганидек, қасам ича-ича уларни авраб қилиб қўйган.
Иблис тарафидан қилинган қизиқтиришнинг ёнида дарахтнинг гўзал мевасининг ҳам таърифлаб бўлмайдиган даражада ёқимли кўриниши қаршисида чидаб тура олмасдан илк одим Ҳавво тарафидан отилди.
– Аввал мен ейман. Борди-ю, менга бир нарса бўлса, сен қутулиб қоласан, – деди…”[10]
“Қарадилар, бир-бирларини кўрдилар. Қип-қизил бўлиб кетдилар. Чунки эгниларидаги жаннат либослари кетиб, шир-яланғоч бўлиб қолгандилар. Уялганларидан ёрилиб кетадигандек эдилар. Дарров дарахт баргларига ёпишдилар. Узиб олган барглар билан адаб жойларини ўрашга тушдилар” (Аҳмад Лутфий Қозончининг “Пайғамбарлар тарихи, Ҳазрат Одамдан Хотимул-анбиёгача” китобидан).
***
Юқоридагилардан аён бўлмоқдаки, отамиз Одам билан онамиз Ҳаввонинг эгниларида ҳаё либоси бўлган ва улар тақиқланган мевани еб қўйганларидан сўнг авратлари очилиб қолган, деган қараш бизга исроилиётдан ўтиб келган ва кўпчилик ана шу ишончда юради. Бироқ динимиз таълимотига кўра, уларнинг хос жойларига парда бўлиб турган ҳаё либоси билан бирга жаннатга хос беқиёс гўзалликдаги нурдек порлаб турадиган моддий кийимлари ҳам бўлган. Демак, инсоннинг фитратидаги ҳаё либоси муҳим. Башарти, инсонда ҳаё либоси бўлмаса, унинг уят аъзоларини дунёнинг барча кийимлари бир бўлган тақдирда ҳам яшира олмайди. Шунинг билан бирга, уларга моддий кийимлар ҳам кийинтирилган эканки, токи уларнинг авлодлари аждодларини кийимсиз ҳолда тасаввур қилмасинлар.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
[1] Таврот, Яратилиш, 3/1-6
[2] Аъроф, 7/27
[3] Ибн Абу Хотим, Тафсир ул-Қуръан ул-азийм, (392); Аҳмад ибн Ҳанбал, ал-Муснад, аз-Зуҳ, (48). Ибн Касир бу ҳадиснинг келиш йўлларининг тўплами билан ҳасан эканини ифода этган. Қаранг, Ибн Касир, Тафсир ул-Қуръанил-азийм, I, 80
[4] Аъроф, 7/22
[5] Ҳоким, ал-Мустадриқ, II, 319. Ҳоким ушбу ҳадиснинг саҳиҳ эканини айтган. Заҳабий ҳам бу хусусда унга мувофақат қилган
[6] Ибн Асокир, Тариху Мадинати Димашқ, VII, 404
[7] Ибн Асокир, Тариху Мадинати Димашқ, VII, 404
[8] Бу икки ҳадиснинг санадининг тўплами бу ҳадисни саҳиҳ мазмунига келтирмоқда.
[9] Ибн Асокир, Тариху Мадинати Димашқ, VII, 404
[10] Қуртубий, 1/307