АЖРИМ – ечим эмас
Отинойилик фаолияти давомида кўп воқеаларга гувоҳ бўламиз. Бирида ибрат, бирида ҳикмат бўлади. Маҳалла маслаҳатчиси билан бир оилани яраштиришга бордик.
Қайнона инсульт бўлгани учун тўшакка михланиб қолган экан. Келин ота уйига кетиб қолган. Ўғил эса ҳам онасига, ҳам ука-сингилларига қараб ўтирибди. У билан анча гаплашдик. Айтишича, онасининг касаллиги боис аёлига етарли вақт ажратолмабди. Бир нафар ўғли бор, ўзи ўқитувчи, топган пулини онасининг дори-дармонларига ишлатар экан. “Онамнинг умри кўз олдимда тугаб боряпти, яхши қарай, кўнглини олай, дейман. Аёлим эса сабр қилолмади…” дейди. Рости, шундай ўғиллар борлигидан фахрланиб кетдик!
Келинга телефон қилиб, ҳар куни гаплашиб турдим ва қўлимдан келганча насиҳат қилдим. Қайнона ҳам она экани, иложи борича дуосини олиб қолиш зарурлигини уқтирдим. Ўзи ҳам эртага қайнона бўлиши, қайтар дунё эканини эслатдим. “Аллоҳга шукр қилинг, эрингиз онасини шунчалик қадрлар экан, эртага ўғлингиз ҳам отасига ўхшаса, яхши-ку! Оилангизга қайтиб, эрингиз ёнида туринг”, дедим. Келин гапларимни олди ва уйига қайтди…
Ҳа, оила – муқаддас даргоҳ, инсон ҳаётининг энг асосий таянчи ва жамиятнинг мустаҳкам пойдеворидир. Ҳар бир инсоннинг бахти, фарзандларнинг тарбияси ва жамиятнинг келажаги аввало оиланинг мустаҳкамлигига боғлиқ.
Ажрим бу – нафақат эр-хотин ўртасидаги риштанинг узилиши, балки бутун оиланинг, айниқса, фарзандларнинг келажагига таъсир қиладиган оғир жараёндир. Ажрим сабабли фарзандлар меҳрсиз, тарбиядан маҳрум бўлади. Бола ота-она меҳридан айрилса, бу унинг бутун ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Ота-она биргаликда тарбия беришининг ўрнини ҳеч нарса босолмайди.
Ҳозирги вақтга келиб ажримларнинг сабаби кўпинча ўзаро тушунмовчилик, сабрсизлик, меҳр-муҳаббат етишмаслиги, ўзаро ишонч йўқолиши ва моддий муаммолардир. Аслида ҳар қандай муаммони сабр, меҳр ва ўзаро ҳурмат билан енгиш мумкин.
Ажрим – сўнгги чора, аммо ҳеч қачон ечим эмас. Зеро, оилани асраш – миллатни асрашдир. Ахир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким менинг суннатимдан воз кечса, у мендан эмас” (Муттафақун алайҳ), деб бежиз огоҳлантирмаганлар.
Гулчеҳра ҲАМРОЕВА,
Пайариқ тумани бош отинойиси
“Мўминалар” журналининг 2023 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws