ҲИДОЯТ ВА ЗАЛОЛАТ
Бир қудсий ҳадис шарҳи
“Эй бандаларим! Барчангиз залолатдасиз. Фақат Мен ҳидоят қилганларгина бундан мустасно. Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоятга йўллай”. Ҳадиси қудсийнинг ушбу қисмида залолат, ҳидоят, аҳли сунна вал жамоанинг ҳидоят ва залолат масаласидаги мавқифи, қадария ва жабария фирқаларига раддия, ҳидоят сўраш ва залолатдан паноҳ тилаш ҳақида сўз юритилади.
“Муҳим нарсалар олдинда туради” қоидасига кўра, залолат ва ҳидоят масаласи очлик ва таомланишдан, яланғочлик ва либос-кийимдан олдин келмоқда. Залолат очлик ва яланғочликдан ёмонроқ, ҳидоят эса инсон учун таом ва либосдан муҳимроқ. Чунки таом инсонни бу фоний ва ёлғончи дунёда яшаб қолиши учун лозим бўлса, ҳидоят ҳақиқий ва мангу ҳаётда бахтли яшаши учун керак.
Маълумки, инсон руҳ ва танадан иборат. Тана – қолип, руҳ эса унга жон бағишловчи асосий унсур. Ҳар иккиси бирлашувидан ҳаёт юзага келади. Руҳ танада вақтинча меҳмон ҳисобланади. Руҳнинг чиқиб кетиши билан тана ҳаёти тўхтайди. Руҳ эса мангу яшайди. Динимиз жисм ва руҳ тарбиясига алоҳида эътибор қаратса-да, инсон ҳаётида руҳий-маънавий тарбияга бўлган эҳтиёжнинг ўрни ва аҳамияти муҳимроқ. Ҳидоят руҳ озуқаси бўлса, таом тана озуқасидир. Таомсиз қолган киши шу дунёнинг ўзида ҳалокатга учраса, ҳидоятдан маҳрум бўлган киши икки дунёда ҳалокатга дучор бўлади. Шу ва шундан бошқа сабаблар туфайли ҳидоят биринчи, таом иккинчи ўринда зикр қилинмоқда.
Шунингдек, ҳадиси қудсийда емоқ-ичмоқ, кийим-кечакдан иборат моддий эҳтиёжлардан кўра ҳидоят каби маънавий эҳтиёжларга кўпроқ эътибор бериш ва очлик, яланғочликдан иборат моддий хавфлардан кўра залолат каби маънавий хавфлардан кўпроқ эҳтиёт бўлиш лозимлигига ишора қилинмоқда.
“Эй бандаларим!..” Бу иккинчи нидо бўлиб, эътиборни ўзига жалб этиш ва сўзни таъкидлаб, унга урғу бериш учун такрор келтирилмоқда. Ҳадисдаги Аллоҳ таолонинг “барчангиз залолатдасиз”, “барчангиз очсиз”, “барчангиз яланғочсиз” деган сўзлари У Зотнинг наздида ҳамма тенг эканини кўрсатади. Фазилатлар эса тақво ва солиҳ амаллар билан ҳосил бўлади. Бу ҳақда бир қанча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Усули фиқҳ қоидасига кўра, “барчангиз” сўзи умумий маънони ифодалаб, бундан мазкур ҳукмлар қиёматгача барча замон, макон ва шахслар учун амал қилиши келиб чиқади.
Замондош олимлардан фазилатли шайх Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ “Фатҳул мулҳим” китобида ушбу қудсий ҳадисни қуйидагича шарҳлайди: «“Барчангиз залолатдасиз. Фақат Мен ҳидоят қилганларгина бундан мустасно” сўзи ҳақида Қози Иёз раҳматуллоҳи алайҳи бундай дейди: “Бу ҳадис инсонлар фитратида залолатда бўлганини англатади. Бу “Ҳар бир туғилган бола фитрат (соф табиат)да туғилади” ҳадисига зид келиб қолади. (Зиддиятга) қуйидагича жавоб берилади: “Ҳадиси қудсийдаги залолатдан пайғамбарлар юборилишидан олдинги ва фитратдан кейинги залолат тушунилади ёки залолат бундай маънода келган: агар улар роҳат ва эътиборсизликка мойил табиатларига ташлаб қўйилганларида, Аллоҳ таоло ҳидоят қилганлардан бошқалари залолатда бўлар эди”.
Ожиз банда (Тақий Усмоний), (Аллоҳ таоло афв қилсин) айтади: “(Юқоридаги) мушкулликка бундай жавоб бериш ҳам мумкин: инсонларнинг фитратлари ила ҳидоятда бўлишлари Аллоҳ таоло уларни ўша фитратда яратгани биландир. “Барчангиз залолатдасиз. Фақат Мен ҳидоят қилганларгина бундан мустасно” деган сўзининг маъноси шу. Яъни, Мен сизларни фитратда яратмаганимда, барчангиз залолатда бўлар эдингиз. Валлоҳу аълам».
Аллоҳ таолонинг: “Бас, Мендан ҳидоят сўранг, сизни ҳидоятга йўллай”; “Бас, Мендан таом сўранг, сизга таом берай”; “Бас, Мендан кийим сўранг, сизни кийинтирай”; “Бас, Менга истиғфор айтинглар, сизларни мағфират қилай” деган сўзлари “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллаҳ”нинг (куч ва қувват фақат Аллоҳдандир) амалий татбиқи ҳисобланиб, банданинг бу каби моддий ва маънавий заруратларни Раббисидан сўраши убудиятнинг энг ёрқин кўринишидир.
Ҳидоят ва залолат масаласи мукаллаф бандаларга хос, улардан бошқа мавжудотларда топилмайдиган жуда муҳим ва айни вақтда жуда хатарли мавзу ҳисобланади. Масаланинг муҳимлиги шундаки, банданинг дунё ва охиратдаги саодати ёки ҳалокати мана шу икки мавзу билан бевосита боғлиқ. Икки дунёда нажот топишни истаган инсон залолатга олиб борувчи йўллардан ўзини эҳтиёт қилиш баробарида ҳидоятига сабаб бўлувчи амалларда собитқадам бўлиши лозим. Шунингдек, ҳар доим Аллоҳ таолога дуолар қилиб, залолатдан паноҳ сўраши ва ҳидоятда бардавом этишини сўраши керак.
Масаланинг хатарли жиҳати – олдин ҳам, бугун ҳам адашган тоифалар ушбу икки мавзуни нотўғри талқин қилиб келишган. Ҳатто баъзи ғулувга кетган мутаассиб тоифалар соф эътиқодли мўмин-мусулмонларни фосиқликда, бидъатчиликда, залолатда, энг ёмони, куфрда айблайди. Улар жуда ҳам нозик ва қалтис бўлган ақида масалаларида илмсиз равишда баҳс-мунозарага киришадилар. Бу жуда ҳам хатарлидир. Шунинг учун ўтган улуғ зотлар: “Ақидадан имтиҳон қилиш хаворижларнинг дини”, дер эдилар. Авом халқни нозик бўлган ақида масалаларида имтиҳон қилиш мумкин эмас. Бу каби масалалар ортида иймон ва куфр тургани учун жуда ҳам эҳтиёт бўлиш зарур. Эътиқодни тузатиш учун ёки ақида фани устозининг талабаларни имтиҳон қилиши бундан мустасно.
Бу икки масалага енгил қараб, қанчадан-қанча кўнгилсиз ҳолатлар юзага келгани ҳеч кимга сир эмас. Динимиз зоҳирга қараб муомала қилиш ва ботинни эса Аллоҳ таолога ҳавола қилишга чақиради. Мана шу энг тўғри йўлдир. Залолат ва ҳидоят ақоид фанининг туб масалаларидан бири бўлиб, барча шариатлар, пайғамбарлар ва уларга нозил бўлган китоблар мана шу икки мавзуни баён қилиш учун келгандир.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан