Ота-она ибрати
Отам зиёли, батартиб инсон эди. Ёшлигимда у кишининг буюмларини тартиб билан жой-жойига қўйишига кўп гувоҳ бўлганман. Касби шифокор бўлгани учунми, кексалигида табобат билан шуғуллана бошлади. Тайёрлаган дориларини алоҳида-алоҳида қилиб, оқ бўз халталарга солиб, уларнинг устини рақамлаб чиқар ва яна ёзилган рақамларни дафтарига ҳам қайд қилиб қўяр эди. Агар бизга хонасидан ниманидир олиб келишни буюрмоқчи бўлса, шунчалар аниқ қилиб тушунтирар эдики, умрида у хонага кирмаган одам ҳам айтилган нарсани адашмай топиб келар эди. Бизни ҳам зукко бўлишга ундарди. Отам: “Майда-чуйда нарсаларни ҳам тайинли бир жойга қўйиш – инсон зеҳнини оширади, хотирасини тиклайди, вақтни тежайди, асабини асрайди ва нарсаларнинг ҳам сифатини яхши сақлайди. Тартибсиз ишларнинг зарари кўп, сени бездириб, тоқатсиз қилади ва бунинг устига вақтинг ҳам беҳуда ўтади”, деб тушунтирарди.
У киши бир ибратли ҳикоя айтиб берганди. Ёши тўқсонни қоралаган бобо ҳар куни нималарнидир ўқир ва ёд олишга ҳаракат қилар экан. Бир куни набираси: “Бобожон, ўқиганларингизни барибир ёдлай олмасангиз, ўзингизни чарчатиб нима қиласиз?” дебди. Шунда қария неварасига: “Болам, кўмир элайдиган ғалвирни олиб кел!” дебди. Набира югуриб бориб ўша ғалвирни олиб келибди. Бобо унга: “Энди кўча бошидаги ариқдан шу ғалвирда ўн марта сув олиб кел!” деб буюрибди. Бола ҳайрон бўлиб: “Бобожон, ҳеч замонда ғалвирда сув ташиб бўладими?” деб сўрабди. “Сен олиб келавер!” дебди бобо. Набира ишни бажаргач: “Бобо, айтганингиздек қилдим, лекин сув ташиб бўлмади”, дебди ҳансираб. Шунда чол набирасига: “Энди ғалвирингга боқ, у қанчалар топ-тоза бўлди”, дебди. Бола қараса, қўлидаги ғалвир топ-тоза бўлиб қолибди. Бобо: “Мен балки ўқиганларимни ёдлай олмасман, лекин ўқиб тушунганим ва фикрлаганим сари қалбимнинг занглари худди ғалвирнинг кирлари кетгандек покланаверади. Кўп китоб ўқишим сабабини энди тушунгандирсан?” дебди.
Ҳақиқатан, ой нури қоронғи тунни ёритгани каби илм ҳам қалбдаги зулматни аритади.
Онам эса жуда камтар аёл эди. Гап орасида: “Нонни катта тишласанг ҳам, гапни катта гапирма!”, “Етти ўлчаб, бир кес, етти ўйлаб, бир гапир!”, “Ҳар кўрганингни ҳам гапирма, ҳар эшитганингга ҳам ишонма!” деган мақолларни кўп такрорларди. Яна онамнинг: “Яхши хотин сийпаб ювар, ёмон хотин тирнаб ювар” деган мақоли бўларди.
Маъноси: яхши аёл қозон-товоғини вақтида ювганидан бир чайқаганда тоза бўлади, ёмон аёл эса кечиктиргани учун тирнаб ювишга мажбур бўлади.
Оиламизда ҳамманинг белгиланган иши бўлар эди. Эрталаб туришимиз билан ўз ишимизга уринар эдик. Мисол учун, мен юзимни ювгач, ҳовлини супуришга тушар эдим. Чаққонлигимдан ҳаммадан илгари ишимни битирардим. Наима синглим кичкиналиги учун фақат чойнак-пиёла ювар, Ҳикоят опам тўшакларни йиғиб, уйни супурар, Дилдора опам сигир соғишга шошар, янгам эса нонушта ҳозирлаш билан банд бўлар эди. Ўғил укаларим мол-ҳолга қарарди. Чой тайёр бўлгунича, отам кичкинтой укаларимни елкасига миндириб ўйнатар ва уларга ҳар хил жисмоний машқлар қилдирарди. Барчамиз бир дастурхон атрофида ўтириб, нонушта қилишимиз шу қадар файзли эдики, отам дуога қўл очганида, гўё ҳовлимиз нурга тўлиб кетарди. Ётар чоғимиз, онажоним доимо ўнг томон билан ётишимизни тайинлар ва отажоним қўшимча қилиб: «“Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб айтиб, кейин ухланглар», дерди. Болалар тарбиясида иккови ҳамфикр, бир ёқадан бош чиқарар эди.
Онам биз қизларига ака-укаларимиз, умуман, ўғил болалар билан масофа сақлашни ўргатиб тарбия берди. Акаларимиз-ку майли, укаларимизнинг олдида ҳам ўзимизни эркин тутмасдик. Оилада қизларнинг хонаси алоҳида, ўғил болаларнинг хонаси алоҳида эди. Баъзан турмуш ўртоғим: “Ота-онангнинг фарзандлар тарбиясидаги энг катта ютуғи – ўғиллар алоҳида, қизлар алоҳида хоналарда катта бўлишганида”, деб қолади.
Онажоним ўғилларини мақтаса-да, қизларини асло кам кўрмас эди. Қай биримиз қизли бўлсак: “Қиз боланинг йиғиси билан уйингга барака, меҳр-муҳаббат ва саодат киради”, дерди. Яна ҳазиллашиб: “Эси кўп хотин қиз туғади-да. Қизи бор уйда саришталик бор, сариштали уй – фариштали, ўғли бор уй эса ўзи фариштали”, дерди. Отам ҳам: “Болаларим, барчангизни бирдек кўрдим, қизўғил деб ажратмадим, балки шунинг учун Аллоҳ менга етти ўғил, етти қиз бергандир. Ўғилларим – Аллоҳнинг менга берган неъмати, қизларим эса – раҳмати!” дер эди. Наргиз РАЖАБОВА, Нурота тумани
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 5-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws