“Ҳар бир муваффақият Аллоҳдан…”
«Илмдан узилиб яшашингиз сизга ярашмайди. Агар олим бўла олмасангиз, ўрганувчи бўлинг. Ўрганувчи бўла олмасангиз, илмни эшитувчи бўлинг. Улардан бошқа нарсаларни яхши кўришингиз,иймон заифлигидандир».
Имом ҚАРОЗОВИЙ.
Суҳбатдошимиз 18 ёшда эришган ютуқларга кўпчилик умри давомида етиша олмаслиги мумкин. Жуссаси нозик, аммо иродаси метиндек Бибимарям билан суҳбатлашган ҳар қандай она, кошки менинг фарзандим ҳам шу қизга ўхшаса, дея орзу қилади.
У билан гаплашсангиз, қалбингиз нурафшон бўлади, теран фикрларига қойил қоласиз. Жамиятда илмли, маърифатли қизлар кўпайсин, дея ният қиласиз. Бибимарям яқинда Иордания халқаро ислом университетининг ижозасини қўлга киритди. Эндиликда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир” деган муборак ҳадисларига мувофиқ Қуръонни ўқитиш бахтига муяссар бўлди.
Синглимиз 6 ёшидан араб тилини ўрганишни бошлаган. Мактаб йиллари эса бошқа фанлардан ҳам ҳавас қиладиган натижаларга эришган. Математикадан туман олимпиадасида 1-ўринни қўлга киритгач, Муҳаммад Беруний номидаги аниқ фанларга ихтисослашган мактабга имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинди. У ерда ҳам математика фанидан ўтказилган мусобақаларда ғолиб бўлди.
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси қошидаги лицейда ўқишини давом эттирган Бибимарям 2-босқичда “At-Tanal alarabiy” халқаро тил сертификатини қўлга киритди. Шунингдек, икки марта IELTS имтиҳонидан 7 баллик сертификат олди. Зукко қиз стол тенниси билан ҳам шуғулланади. Спортнинг шу тури бўйича халқаро олимпиадада 1-ўринни эгаллаган. Бибимарям ҳозир Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 2-курс талабаси.
– Бибимарям, илмга бўлган интилишингизни ким шакллантирган?
– Албатта, ҳар бир муваффақиятга Аллоҳ таолонинг инояти билан эришилади. Бу натижаларнинг асосий сабабчиси онамдир. 4 ёшимдан махсус вундеркинд (жажжи билимдон) болаларни тайёрлайдиган тўгаракка борганман. Онам дастлаб чет тилларини ўрганишга қизиқтирган, спорт тўгарагига ҳам берган.
– Қисқа вақтда кўп ютуқларга эришяпсиз. Нималардан куч-ғайрат олдингиз?
– Кичиклигимда кўп йиғлаб, тўполон қилганман. Машғулотларда онам синфхонага кириб, мен билан дарс тинглар, ютуқларимни мақтарди. Кўзлари ёниб, хурсанд бўлиб кетарди. Онамнинг қувончи – илҳом, янаги ютуқларга эришиш учун куч бағишлаган.
Онам олиб борган барча машғулотлар мен учун қизиқ бўлса-да, бирор янги тўгарак ёки машғулотни бошлашим керак бўлганда дастлаб қаршилик қилардим. Шундай пайтларда уйдагилар, айниқса, ота-онам қаттиқ талаб этарди. Ҳозирда улардан ниҳоятда миннатдорман.
– 18 ёшда ижоза олиш, муаллима бўлиш – катта масъулият. Шундай эмасми?
– Қайси касбни эгалласам экан, деб кўп ўйлаганман. Ва устоз бўлишимни танлаганман. Ҳозир ўқув марказида араб тилидан дарс бераман. Аммо бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Ҳали кўп ютуқларга эришганман, дея олмайман. Мақсадим – тафсир, ҳадис ва фиқҳ фанларини пухта ўзлаштириб, шу соҳада олима бўлиш, иншоаллоҳ.
14 ёшимда шундай қарорга келгандим. Атрофимдаги инсонларга назар солдим. Кўплар еб-ичиш, ўйин-кулги ёки ҳаёт ташвишлари билан андармон умрини ўтказмоқда. Манфаатли илм билан шуғулланаётган аёл-қизлар саноқли. Ўшанда ичимдан “мендан умматга, аёл-қизларга фойдали илм етсин” деган ҳиссиёт кечган. Тўғри, илм ўрганиш осон эмас, аммо унинг самарасини дунё ва охиратда олишни истайман.
Қалбимдаги сўнмас учқун – ишончим. Танишлар орасида “Қиз бола бўлсанг, жафо чекиб ўқишинг шартми? Тинчгина уйда ўтирмайсанми?” деганлари ҳам бўлган. Бу сўзлардан ранжиган бўлсам-да, шижоатим янада жўш урди. Ойша онамиздек бўлишни истадим. Аллоҳнинг розилигига эришиш учун қилаётган ҳаракатларим аслида У Зотнинг инъомидир.
– Сиз учун Қуръон…
– Аллоҳ таоло Каломининг маънолар таржимасини ўқисангиз ҳам, ором олаверасиз. Илоҳий калом нури қалбларни юмшатади, муолажа қилади, кўзларни намлантириб, ҳидоят уруғларини сочади. Қуръон ўқишни биринчи онажоним ўргатган. Қуръонни ўрганишимда асло узилиш бўлмаган. Устозларимнинг бу борада қилган меҳнатларига яраша Раббим буюк ажрлар берсин!
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон (ва муслима)га фарздир”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).
Орамизда қалбига, онгу шуурига Қуръони карим оятларини сингдириб, жамият учун олимларни улғайтириб бераётган фидойи оналар кўпайсин. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
Талаба ва муаллима Бибимарямнинг шижоатидан барча тенгдошлари, онасининг фидойилигидан эса ҳар оила бекаси ибрат олса, нур устига нур бўлади.
Нафиса ПАРДАЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws