СОХТА САЛАФИЙЛАР ёлланган бузғунчилардир
Бугунги кунда сохта салафийлар ва уларнинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги маълумотлар тез-тез қулоғимизга чалинмоқда. Аслида “сохта салафийлар” кимлар?
Сохта салафийлик – Исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч даврига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Дастлабки уч давр эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, тобеинлар ва табаа тобеинлар давридир.
Аслида “салаф” сўзи арабча бўлиб, “аждодлар” ёки “аввал яшаб ўтганлар” деган маъноларни англатади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсониятнинг энг яхши авлоди менинг асрдошларим, кейин улардан кейинги авлод, кейин улардан кейинги аср авлоди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, “салафлар” дейилганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида ва ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар тушунилади.
Бугунги кунга келиб айрим мазҳабсизлар саҳобалар ва тобеинлар манҳажини ўзларига ниқоб қилиб олишди ва ўзларининг фиқҳий ва ақидавий масалалардаги адашишлари билан мусулмонлар орасига фитна солишяпти. Уларнинг барчалари “биз салафи солиҳлар йўлидамиз”, деб иддао қилади, лекин уларнинг фиқҳий ва ақидавий масалалардаги қилган ижтиҳодлари улар қилаётган иддаоларига асло тўғри келмайди.
Сохта салафийларнинг ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий қарашларини шакллантирган шахслардан бири суриялик Ибн Таймия (1263–1328)дир. У фаолияти давомида тўрт марта ҳибсга олинган ва қамоқхонада вафот этган. У издошлари учун асарлар ёзиб, кўплаб ботил қарашларини илгари сурган. У илгари сурган эътиқод ашъарийлик ва мотуридийлик таълимотларига зид эди.
Жумладан, у ўз эътиқодини қуйидагича намоён қилган: ҳар қандай янгиликни инкор этиш, тасаввуфни тан олмаслик, тавассулни куфр деб ҳисоблаш (тавассул – бу Аллоҳга восита орқали мурожаат қилишдир), ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қилиш.
Манбаларда тавассул қилиш (васила) саҳобалар даврида амалий равишда мавжуд бўлгани аниқ қайд этилган. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қурғоқчилик пайтидаги дуосида: “Аллоҳ! Биз аввал Пайғамбаримиз билан Сенга тавассул қилар эдик, эндиликда у зотнинг амакилари билан тавассул қиляпмиз…”, деган.
Ибн Таймиянинг “тавассул қилиш ҳаром” ғояси кенг тарқала бошлаганидан сўнг унга раддия қилиб Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети олимлари, мотуридия ва ашъария уламолари: “Тавассулни куфр деб эълон қилиш нақлга ҳам, ақлга ҳам зид ва уммат ижмосига хилофдир”, деб баҳолашган.
Сохта салафийларнинг даъволаридан яна бири бу қабр зиёратини мутлақо ҳаром ёки ширк деб баҳолашидир. Улар, айниқса, пайғамбарлар ва солиҳ зотлар қабрларини зиёрат қилишни Ислом ақидасига зид деб тарғиб қилишади. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом жоҳилият даврида баъзи анъаналар борлиги учун вақтинча қабр зиёратидан қайтарганлар. Кейинчалик ақидавий барқарорлик шаклланганидан сўнг қабр зиёратига тарбиявий ва ахлоқий восита, ўлимни эслаш омили сифатида рухсат берганлар.
Исломнинг беш асосий рукни мавжуд. Булар: имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж. Аммо сохта салафийларнинг иддаосига кўра, жиҳод олтинчи фарз эмиш. Уларнинг бу фикрларини салафи солиҳ бўлган саҳобалар ҳам, тобеинлар ҳам, улардан кейин яшаб ўтган мужтаҳид уламоларнинг ҳеч бири айтмаган.
Аҳли сунна уламолари уларнинг бу фикрларига раддия бериб, ғоялари нотўғри эканини илмий исботлаганлар.
Бир ҳақиқатни алоҳида таъкидламоқчимиз: аслида “Ҳизбут таҳрир”, “ваҳҳобийлик”, “ИШИД” ва бошқа адашган тоифалар каби сохта салафийлар ҳам ғарбдаги айрим сиёсий кучларга ёлланиб ёки уларнинг ҳомийлигида мусулмонлар орасида фитна чиқариш учун бузғунчилик ишларини олиб боришади.
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Наманган шаҳридаги “Боқи полвон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws