Ҳавқала нима?
Ҳавқала, яъни “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” – энг улуғ ва фазилатли зикрлардан.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом (унга): “Эй Абдуллоҳ ибн Қайс: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”, денг, зеро, у жаннат хазиналаридан бир хазинадир”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Набий алайҳиссалом Абу Зар розияллоҳу анҳуга: «Сени жаннат хазиналаридан бир хазинага далолат қилайми? – “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Калиманинг маъноси
Банда ёмонликни даф этишга ва яхшиликни жалб қилишга ўзича қодир эмас. Гуноҳдан тоатга ўтишда ҳам, тоатни адо этишга ҳам фақат Аллоҳнинг иродаси, қудрати ва ёрдами билангина қодир бўлади. Демак, бу зикр Аллоҳга муҳтожликни тан олиш, барча ишни Унга топшириш ва барча ишни бошқариш ҳамда қадарда Унинг ягоналигини эътироф этишдир.
Фазилатлари
– Жаннат хазиналаридан бири;
– ҳидоят, кифоя, ҳимоя сабаби.
Уйдан чиқишда “Бисмиллаҳ, таваккалту ъалаллоҳ, лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” деган кишининг жони, аҳли ва мол-мулки то қайтиб келгунича Аллоҳ таолонинг муҳофазасида бўлади;
– шайтонни қувиб, ғам-ташвишни аритади;
– боқий қолувчи яхши амаллар жумласига киради;
– бошқа зикрлар билан бирга айтилса, гуноҳларга каффорат бўлиши зикр қилинган. Шу боис уни доим, айниқса, танглик, қийинчилик пайтида кўп айтиш зарур. Зеро, у туфайли Аллоҳ таоло нажот, ризқ ва осонлик эшикларини очади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 6-сонидан