Аллоҳга нима деб дуо қиламиз?..
Қишлоқда бир неча ой ёмғир ёғмади. Тупроқ қақради, экинлар қуриб-битди. Аҳоли нима қилишини билмай боши қотди. Шундай кунларнинг бирида у ерга бир донишманд келди.
Одамлар донишманднинг атрофида тўпланиб, ҳолларини арз этишди ва: «Илтимос, ёмғир сўраб дуо қилсангиз!» деб ёлворишди.
Донишманд табассум билан жавоб қайтарди:
– Яхши, дуо қиламан. Фақат аввал қишлоқни бир айланиб чиқайлик!
Илк тақиллатилган эшикни кекса аёл очди. Ёнида уст-боши уринган икки қизча бор эди. Аёл деди:
– Хуш кўрдик, азиз меҳмонлар, келинглар?..
Донишманд сўради:
– Бир нарсани билмоқчиман. Аллоҳга нима деб дуо қиласиз?
Аёл жим эди. Лекин қизлар маҳзун жавоб беришди:
– Биз ёмғир ёғмасин, деб дуо қиламиз. Чунки пойабзалимиз йўқ, уст кийимимиз ҳам. Ҳўл бўлиб совуқда қолмаслик учун шундай дуо қиламиз…
Кекса аёл ҳам қўшимча қилди:
– Уйимизнинг томи неча йиллардан бери таъмирланмаган, чакка ўтади. Шу боис мен ҳам Аллоҳдан ёмғир ёғдирмаслигини сўрайман.
У ердан чиққан донишманд қишлоқ аҳлига юзланиб, шундай деди:
– Сизлар анчадан бери ёмғир ёғишини сўраб дуо қиляпсизлар. Улар эса аксинча. Аввало, уларнинг эҳтиёжларини қондиринг. Шунда ҳамма бир хил дуо қилади! Дуоингиз бир бўлсинки, Аллоҳ уни ижобат этсин!
Биз ҳам гоҳида қишлоқ аҳлидек шикоят қиламиз: «Тинимсиз дуо қилсак ҳам, қабул бўлмаяпти?», «Нега етишмовчиликка дуч келяпмиз?», «Нега ёмғир ёғмаяпти?».
Бир ўйлаб кўрайлик. Дуоларимизнинг мазмун-моҳияти бир-бирига зид эмасми?..
Нигора АБДУМУХТОР қизи таржимаси
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 2-сонидан