Хулқ гўзал бўлса…
Наф берурми йигитга юзнинг кўрки,
Хушахлоқ бўлмаса, йиртиқдир бўрки.
Далил эмас йигитга юз чиройи,
Гўзал ахлоқ йигитнинг тўлин ойи.
Бўлолмайди ҳар тош дурри саминий,
Ҳар ялтироқ темир қилич яманий!
Изоҳ. Кўриниши чиройли инсонга кўзингиз тушди. Бўй-басти, кўз-қоши, ранг-рўйи рисоладагидек бўлса ҳам, бир совуқлик уни сиздан узоқлаштиради, гўё у ялтириб турган музга ўхшайди. Балки, бунинг сабаби ташқи чиройнинг ички оламга мувофиқ эмаслигидандир. Агар шундай бўлса, кўринаётган бу чирой ясама ва алдамчидир. Одамлар ана шу сохталикни кўра олгани учун ундан қочади. Бу ҳолатнинг зиддини “истараси иссиқ” деган ибора изоҳлайди. Истараси иссиқ инсоннинг кўриниши рисоладагидек бўлмаслиги мумкин, лекин ундан нур ёғилади, ўзига тортади. Шунинг учун бундай инсонга юзма-юз бўлсангиз, олдин уни қаердадир кўргандек бўлаверасиз, ҳеч бегонасирамайсиз.
Демак, ташқи кўринишнинг эмас, хулқнинг гўзал бўлиши муҳимроқ. Агар бутун эътибор ташқи кўринишнинг ободлигига қаратилса, ичкари олам барбод бўлади. Аллоҳ таоло эслатади: “Дарҳақиқат, уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонини фисқу фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди” (Шамс сураси, 9–10-оятлар).
Кўзлар ташқи чиройга маҳлиё бўлиб, дунёга алданган бир замонда гўзал хулқ тарбияси билан машғул бўлиш нақадар оғирлигини Юсуф ибн Асботнинг ушбу сўзлари ҳам тасдиқлайди: “Гўзал хулқнинг ўнта белгиси бор: зиддиятнинг камлиги, чиройли адолат, хато изламаслик, ёмон феъли ё амалини сезиши билан дарҳол уни яхшилашга киришиш, кечиримли бўлиш, азиятларга чидаш, нафсини маломат қилиш, ўзганинг эмас, ўзининг айби билан чегараланиш, каттаю кичикка очиқ юзли ва ўзидан хоҳ паст, хоҳ баланд мавқедаги кишига хушмуомала бўлиш”.
Муҳаммад ибн Омир ШИБРАВИЙ
Рашид ЗОҲИД тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан