Тозалик ва сифат назоратчиси
Ислом динида покликка бўлган юксак эътибор туфайли аждодларимизда кучли муҳандислик ва шаҳарсозлик маданияти шаклланди. Бу борада “муҳтасиблик” хизматининг алоҳида ўрни бор.
Ўрта асрлар давлатчилигининг энг ноёб институтларидан бири – муҳтасиблик хизмати бугунги кун тушунчаси билан айтганда, бозор назоратчиси, сифат инспектори, санитария назоратчиси ва ҳатто ёнғин хавфсизлиги ходими вазифаларини ўзида бирлаштирган масъулиятли давлат амалдори эди.
Тарихчи-археолог олим Абдулҳамид Анорбоевнинг ёзишича, муҳтасибларнинг асосий вазифаларидан бири – бозорлардаги ўлчов асбоблари ва тарозиларнинг тўғрилигини доимий равишда текшириб туриш эди. Бу билан улар савдодаги алдов ва фирибгарликларнинг олдини олиб, харидорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган.
Муҳтасиблар шаҳарда санитария-гигиена қоидаларига риоя этилишини, олов билан боғлиқ касб эгалари, масалан, темирчилар ва новвойлар устахоналарини газлама сотувчилар ва атторларнинг дўконларидан узоқроқда бўлишини талаб қилишган. Мақсад – ёнғин хавфининг олдини олиш, темирчилар устахонасидан чиқадиган тутун ва ҳидлар қимматбаҳо газламаларга ўрнашиб, зарар етказишига йўл қўймаслик эди.
Муҳтасиб ва унинг ёрдамчилари чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилишига, савдо расталарининг тозалигига, усти ёпиқ бозорлар – тимларнинг меъморий жиҳатдан кўркам бўлишига ҳам эътибор қаратишган. Уларнинг ҳар бир турдаги маҳсулот учун алоҳида раста ажратишгани харидорлар учун катта қулайлик эди.
Мовароуннаҳр шаҳарларида санитария муаммосини ҳал этишда иккита муҳим ва ўзаро боғлиқ муҳандислик тизими – “ташнав” ва “бадроб” ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган.
“Ташнав” – бу ҳовлилар ва устахоналардан оқова сувларни ер остига самарали сингдирувчи дренаж тизимидир. Яъни аниқ ҳисоб-китобларга асосланган муҳандислик иншооти.
Масалан, Варахша шаҳри харобаларида ўрганилган XI асрга оид турар-жой биносидаги ташнав учта асосий қисмдан иборат бўлган: марказий вертикал қувур ва унга ён томондан келиб қўшиладиган иккита тармоқ. Бу эса бир вақтнинг ўзида бир нечта хонадондан чиқадиган оқова сувларни қувурлар орқали ягона тизимга бирлаштирган.
Сопол қувурлар орқали сув пастга, ер остидаги асосий сув сингдирувчи иншоотга оққан. Бу қувурлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ: улар бир-бирига кийдириладиган қилиб ясалган бўлиб, узунлиги 40–45 см, диаметри эса 9–15 см атрофида. Бундай мукаммал тизим сувнинг атрофга тарқалиб, зах босишининг олдини олган.
Насафдаги (ҳозирги Қарши яқинидаги Шулликтепа) қазишмалар эса бу тизимнинг янада мураккаб кўринишини очиб берди. Бу ерда сув сингдирувчи қудуқ тўлиқ пишиқ ғишт ва ҳатто иккита таги тешилган тандирдан қурилган бўлиб, бу унинг мустаҳкамлигини ва узоқ хизмат қилишини таъминлаган.
Бундай қурилма айниқса қумлоқ тупроқли ҳудудлар учун ўта муҳим бўлиб, аждодларимизнинг маҳаллий шароитдан келиб чиқиб, ноёб ечимлар топа олганидан далолат беради.
“Бадроб”лар эса маиший чиқиндилар ва кул учун мўлжалланган чуқур ўралардир. Уларнинг кенг қўлланилиши кўчалар ва умумий жойларнинг ифлосланишига қарши курашда самарали бўлган.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws