Жиноятлар, можаролар илдизи
Аллоҳ таоло инсоннинг ўз жонига қасд қилишини ва ўлимга олиб борувчи барча нарсаларни ҳаром қилган ва Қуръони каримда: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” дея огоҳлантирган (Бақара сураси, 195-оят).
Афсуски, айрим юртдошларимиз бу оятга амал қилмай билатуриб ўзини ажал комига ташламоқда. Вақтинчалик сархушлигу лаззат ёки нафсининг хоҳишини деб ўз соғлигини йўқотмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90–91-оятлар).
Мазкур оятда май – маст қилувчи ичимлик қимор ўйнашга, бут-санамларга ибодат қилишга, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилишга тенглаштирилмоқда. Айни вақтда буларда шайтоннинг қўли бўлиб, у одамларнинг орасини бузишга, ўртасида уруш-жанжаллар чиқаришга ҳаракат қилиши айтилмоқда. Мўмин-мусулмон киши бундай ишлардан ўзини сақламоғи лозим.
Араб тилида маст қилувчи ичимлик “хамр” деб аталади. “Хамр” луғатда “беркитмоқ”, “тўсмоқ” маъноларини билдиради. Чунки у ақлни тўғри фикрлашдан тўсади, фикр йўлини беркитади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ҳар бир маст қилувчи нарса майдир ва ҳар бир май ҳаромдир” (Имом Муслим, Имом Насоий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф маст қилувчи воситаларнинг ҳар қандай тури ҳаромлигини англатади. Агар бирон мўмин киши майнинг ёки маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлигига иймон келтириб, аммо ўзини тия билмаса, ожизлик қилса, у катта гуноҳ содир этган бўлади.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштиргувчи нарсадан қайтарганлар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Аллома Тоййибий раҳимаҳуллоҳ: “Ушбу ҳадис барча гиёҳванд моддаларнинг ҳаромлигига далолат қилади, чунки улар танани бўшаштириб, ақлни кетказади”, деган.
Маст қилувчи ичимлик ичишни ўзига раво кўрган одам бошқа барча ёмонликлардан ҳам тап тортмай қилаверади. Кўп қотилликлар мастлик оқибатида рўй бериши бунинг исботидир. Шу билан бирга маст бўлиш одамдаги ҳаё сифатини йўқотади. Натижада ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормай, зинога йўл қўйиши мумкин.
Сархуш одамда тақво сифати қолмайди. Бундай пайтда у ҳар қандай гуноҳга қўл уриши мумкин. Айниқса, наркотик моддалар истеъмол қилувчи кишилар хумори тутганда ҳеч тап тортмасдан ўғриликка қўл уради.
Динимиз дўст, оға-ини бўлиб яшашни, ўзаро иноқ бўлишни буюради. Мастлик пайтидаги ҳар хил ножўя гаплар, силаи раҳм ва дўстликка путур етказадиган иборалар яқин кишилар ўртасига совуқчилик туширади.
Кейинги пайтларда кўп кузатилаётган нохуш воқеалардан бири ичиб олиб талоқ қўйиш, рисоладагидек оилани барбод қилишдир. Оилавий можароларнинг аксариятига маст қилувчи ичимликлар ичиш сабаб бўлмоқда. Оқибатда болалар тирик етим бўлиб ё отасиз, ё онасиз яшашга мажбур.
Оилада ота-она ёки улардан бири маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келиши кўпаймоқда. Натижада, ичувчи ота ёки онанинг нотўғри иши сабабли фарзанд бир умр ногиронлик дардига мубтало бўлмоқда.
Мўмин – мўмин учун ойнадир. Бугунги кунда жамиятимизда ичкиликбозлик оқибатида ўғрилик, талончилик, бировнинг жонига қасд қилиш каби кўплаб жиноятлар содир этилмоқда. Оилаларда нотинчлик ва парокандаликлар юзага келмоқда. Биз ўз уйимизда, маҳалламизда бирбирларимизни яхшиликка даъват этиб, ёмонликлардан огоҳлантириб туришимиз лозим бўлади. Ахир, бир инсонни Аллоҳ таоло қайтарган ишни қилаётганини, жаҳолатга қараб бораётганини билатуриб, уни бундан қайтармаслик мўмин инсонга ярашмайдиган ишдир.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ё яхшиликка буюрасиз ва ёмонликдан қайтарасиз ёки бўлмаса, Аллоҳ таоло устингизга бир балони юборадики, ундан кейин қанча дуо қилсангиз ҳам, дуоингиз қабул бўлмайди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Термизий ривояти).
Демак, халқ орасида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларнинг олдини олишга ғайрат қилиш лозим. Агар биров билан бировнинг иши бўлмай, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлаверса, Аллоҳ таоло ҳам бандаларидан юз ўгиради, уларнинг талабларига жавоб бермайди.
Неъматулло ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Боёвут туманидаги “Қул Хожа Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws