Бедарак йўқолганнинг меросдаги ҳақи
Ҳаёт ёки вафот этгани номаълум, хат-хабари бўлмаган киши йўқолган – мафқуд ҳисобланади. Ҳанафий мазҳабида йўқолган кишининг тирик экани аниқ бўлмагунча ёки қози уни вафот этган деб ҳукм қилмагунича, хотини унинг никоҳида ҳисобланади, тузган ижара шартномалари бекор бўлмайди ва мол-мулки меросхўрларига тақсимланмайди. У бошқадан мерос олмайди. Бу ҳукмлар унинг ҳаёт ёки вафот этгани маълум бўлгунича давом этади.
Агар у тирик қайтиб келса, меросдан улушини ва унга қилинган васиятни олади. Агар вафот этгани аниқ бўлса ёки қози уни вафот топган деб ҳукм қилса, мероси ва унга қилинган васият меросхўрларига тақсимлаб берилади.
Йўқолган шахснинг тенгқурлари ҳаётда қолмаса, у вафот этган деб ҳукм қилинади. Баъзи уламолар у туғилганидан 90 йил ўтса, у вафот этган деб ҳукм қилинади, дейишган.
Агар вафот этган шахс ортида туғишган ука, туғишган сингил ва йўқолган бир ўғил қолса, ўғилнинг тириклиги маълум бўлса, ука ва сингил мерос олмайди. Шунинг учун мазкур ҳолатда ўғилнинг тирик ёки ўлик экани аниқ бўлмагунча мерос тақсим қилинмайди. Ўғил тирик бўлса, барча молни олади. Агар қози уни ўлган деб ҳукм қилса, бошқа ворислар улушлари миқдорида мерос олади.
Агарда маййит ортида хотини, онаси, ота бир акаси ва бедарак йўқолган туғишган укаси қолса, мафқуднинг ҳаёт ёки вафот экани аниқ бўлмагунча мерос тақсимоти тўхтатилади. Бедарак йўқолган туғишган ука тирик топилса, хотин тўртдан бир (1/4), она олтидан бир (1/6) олади. Туғишган ука асабалик жиҳатидан улардан қолган барча меросни олади.
Агар туғишган ука вафот топгани аниқланса ёки вафот топган деб ҳукм қилинса, ота бир ака асабалик жиҳатидан маййитнинг хотини ва онаси улушидан қолган барча меросни олади.
Талоқ қилинган аёлнинг меросга ҳақдор бўлиши
Эр соғломлигида ёки бетоблигида, ёки оғир (ўлим) касаллигида хотинини ражъий талоқ қилса ва вафот этса, унинг иддаси чиқмаган бўлса, собиқ эридан мерос олади. Аксинча, яъни ражъий талоқ қилинган хотин эридан олдин вафот этса, эри ундан мерос олади. Зеро, ражъий талоқда эр-хотин ўртасидаги никоҳ идда ичида тугамайди, бекор бўлмайди.
Агар эр хотинини соғлигида боин талоқ қилса, хотиннинг иддаси ичида иккаласидан бири вафот этса, бир-биридан мерос ололмайди.
Эр ўлим касаллигида боин талоқ қилса, ҳолатга қаралади. Агар у хотинини мерос олмаслигига ҳаракат қилгани гумон қилинмаса (масалан, хотинининг ўзи ажрашишни сўраса ёки шаръий сабаб билан қози уларни ажратса), улар орасида меросхўрлик бўлмайди.
Агар эр ўлим касаллигида хотинини меросдан маҳрум қилиш мақсадида боин талоқ қилса ва сўнг вафот этса, хотинининг иддаси тугамаган бўлса, меросдан улушини олади. Бу ҳолатда талоқ боин ёки ражъий бўлишининг фарқи йўқ. Агар иддаси тугаган бўлса, мерос олмайди.
Аммо хотини аввал вафот этса, эри ундан мерос ололмайди.
Ораларида ботил ва фосид никоҳ бор эркак ва аёл бир-бирига меросхўр бўлмайди.
Ўзаро меросхўр бўлганларнинг баробар вафот этиши
Икки ва ундан кўп ўзаро меросхўр кишилар денгизда ғарқ бўлиш, ёнғинда ёниб кетиш, девор босиб қолиш, автоҳалокатга учраш каби ҳолатларда ҳалок бўлишса ва қайси бири олдин вафот этгани маълум бўлмаса, барчаси бир вақтда вафот этган деб ҳукм қилинади.
Уларнинг мол-мулки меросхўрларига тақсимлаб берилади. Бир вақтда вафот этганлар бир-биридан мерос олмайди.
Аммо баъзилари аввал вафот этгани аниқ бўлса ёки мерос қолдирувчи вафот топганидан сўнг, унинг мероси тақсимланмасдан аввал меросхўрлардан бири вафот этса, муносаха юзага келади.
Мерос тақсимланмасдан олдин бир ёки бир неча меросхўр вафот этса, уларнинг меросдаги ҳақи бошқа меросхўрларга ўтиши муносаха дейилади.
Саиджамол МАСАЙИТОВ
ЎзМИ ҳузуридаги Фатво маркази бош мутахассиси,
Уламолар кенгаши аъзоси, ТИИ доценти
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws