Устоз-шогирд анъанаси маҳсулидир мазҳаблар
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Имом Аҳмад Имом Шофеъийнинг шогирди саналади. Шунингдек, Имом Аҳмад Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг пешқадам шогирди Имом Абу Юсуфдан бевосита таълим олган ва Имом Муҳаммаднинг китобларидан фиқҳни ўрганган.
Имом Заҳабий “Тарихул Ислом” асарида бундай ёзади:
“Ҳадисларни кўчира бошлаган дастлабки пайтларда Имом Абу Юсуфнинг олдига қатнар ва ундан илм ўрганардим. Шундан сўнг бошқалардан таълим олдим”.
Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод”да, Имом Заҳабий “Сиярул аълом ан-нубало” асарида Иброҳим Ҳарбийдан бундай ривоят қилади:
«Имом Аҳмадга: “Бу ҳассос ва нозик масалаларни қаердан олгансиз?” дедим. У: “Муҳаммад ибн Ҳасаннинг китобларидан”, деди».
Машҳур олим Ибн Ражаб Ҳанбалий дейди:
“Имом Аҳмад, аввало, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ асҳобларининг китобларини ёзиб ўрганди, уларнинг фиқҳдаги усулларини тушуниб олди”.
Имом Шофеъий ҳаётида Имом Муҳаммад қанчалик катта ўрин тутганини биламиз. Имом Аҳмаддан бундай ривоят қилинади:
“Агар Имом Шофеъий бўлмаганида, ҳадис фиқҳини билмаган бўлардик”.
Демак, Имом Аҳмад ҳанафий олимлардан ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсирланган. Абдулкарим Самъонийнинг “ал-Ансоб” китоби да бундай келтирилади:
«Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, у зот бундай деди: “Агар бир масалада уч кишининг сўзи мавжуд бўлса, уларга қарши бориб бўлмайди”.
Мен: “Улар кимлар?” дедим. У жавоб берди:
“Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ қиёсда, Имом Абу Юсуф осор (ҳадис ва ривоятлар)да, Имом Муҳаммад эса араб тилида жуда билимдон эди”».
Хулоса шуки, ҳанафий мазҳаби олимлари фиқҳнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлишган. Буни Саймарий келтирган Имом Шофеъийнинг етук шогирди Музанийнинг ҳанафий олимлар ҳақидаги қуйидаги сўзи ҳам тасдиқлайди:
“Худо ҳаққи, улар гапирганда қулоқларни илмга тўлдиришарди ва фақиҳларга улар ғафлатда қолишса, ёпилиб қоладиган нарсаларни очиб беришарди”.
Имом Шофеъийнинг ҳам бундай дегани ривоят қилинади:
“Муҳаммад ибн Ҳасандан бир туяга юк бўладиган нарса ёзиб олганман. Агар у бўлмаганида эди, илмда менга кашф бўлган нарсалар очилмас эди”.
Бунинг сабаби сифатида эса Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устозлар силсиласи фақиҳлардан ташкил топгани айтилади. Жумладан, Имом Муҳаммад ибн Мансур Шерозий ўзининг “Тақдиму мазҳаб Имом Аби Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифа мазҳабининг пешқадамлиги) асарида буни таъкидлаб дейди:
“Бошқа фақиҳлар силсиласи уларникидек эмас”.
Зеро, Имоми Аъзамнинг устози Ҳаммод ибн Сулаймон, унинг устози Иброҳим Нахаъий, унинг устози Алқама ва унинг устози саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳум фиқҳ илмида етуклиги билан ажралиб туришган.
Буюк мужтаҳид имомлардек устоз-шогирдлик анъанаси бутун бошли ислом фиқҳининг шаклланиши ва тарқалишига сабаб бўлди. Сўнг бу илм айнан устоз-шогирдлик анъанаси орқали давом этиб, бугунги кунгача етиб келди.
Умуман олганда, барча илмлар устозлар ва уларнинг шогирдлари орқали давом этади.
Жўрабек ЧЎТМАТОВ,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан