Тортишувлар душман фойдасига ишлайди
Тарих ва ҳаёт тажрибаси шуни кўрсатадики, душман ҳар доим ҳам куч билан эмас, аксар ҳолларда рақиб томоннинг ички тартибсизлик, тортишувлари сабабли ғалаба қозонади. Тартибсизлик бу – саросима ва назоратсизлик ҳолати бўлиб, тартиб йўқ жойда фикр пароканда бўлади, мақсадлар йўқолади.
Тарқоқ ва тартибсиз муҳитда одамлар ҳақиқий муаммолар устида эмас, балки бир-бирининг хатосини муҳокама қилиш билан овора бўлади. Айб излаш кучаяди, масъулият сусаяди, сабр ва ақл ўрнини эҳтирос, ҳис-туйғуларга берилиш эгаллайди. Бундай шароитда душман ҳужум қилишга ҳам муҳтож бўлмайди – у фақат кузатади. Чунки ички парокандалик ташқи хавфдан кўра хатарлидир.
Тартиб ва интизом эса ҳар қандай жамиятнинг мустаҳкам таянчи ҳисобланади. Қоидага амал қилинган, ҳар ким ўз ўрни ва масъулиятини англаб яшайдиган муҳитда душманнинг имконияти чекланади. Бирдамлик бор жойда ишонч мустаҳкамланади, ишонч бор жойда эса ғалабанинг пойдевори қўйилади.
Биргина оила мисолида кўрсангиз, бетартиб уйда ҳеч бир иш ўз вақтида бажарилмайди. Ахлатлар олиб чиқилмаган, идишлар ювилмаган, ўрин-жойлар йиғилмаган бўлади. Бундай хонадонда шайтонлар “базм” қилмайди, деб ким айта олади? Шундай муҳитда катта бўлган қиз қандай аёл, қандай она бўлади келажакда?!
Инсоннинг икки душмани бор: бири кўриниб турса, иккинчиси кўринмасдир. Яъни биттаси ўзи каби одам, бошқаси шайтон ҳисобланади.
“Шайтон сизларга душмандир! Уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур” (Фотир сураси, 6-оят).
Бетартиблик баъзан “эркинлик” ниқоби остида намоён бўлади. Аммо аслида у эркинлик эмас, балки назоратсизликдир. Эркинлик – онгли тартиб, қонунга итоат ва масъулият билан уйғунликда бўлган ҳолатдир. Бетартиблик эса инсонни ҳам, оилани ҳам, жамиятни ҳам заифлаштиради.
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг ва мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. Аллоҳнинг арқонини биргаликда маҳкам тутинг ва тарқоқ бўлманг. Аллоҳнинг сизга бўлган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон сураси, 102‒103-оятлар).
Ҳар бир эр ва аёл бир ҳақиқатни чуқур англаши лозим: ҳамжиҳатликни сақлаш бу – фақат қоидага бўйсуниш эмас, балки жамият хавфсизлигига ҳисса қўшишдир. Ҳар бир беэътиборлик, ҳар бир асоссиз тортишув, ҳар бир назоратсиз қадам душман манфаатига хизмат қилиши мумкин. Тартибсизлик, ўзаро ишончсизлик оилаларни пароканда қилади, жамиятни таназзулга бошлайди.
Тарқоқлик, низолашиш ҳеч қачон дўстга хизмат қилмайди. У фақат душман учун тирқиш очади. Бирдамлик, ўзаро ишонч, ҳурмат жамиятни жипслаштирадиган энг кучли қалқондир.
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра” масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws