Қадриятларимиз қадрсизланмасин
Бугун бозорларимиздаги кийимларнинг аксариятига турли тасвирлар туширилган, ҳайвон ва инсон сурати бор либосларни билиб-билмай киямиз. Ёки ота-оналар ўғилларига ипак матоли, ёрқин, хусусан, пушти ва қизил рангли кийимларни олиб беришади.
Айрим ҳолларда либосдан мақсад баданни ёпиш, суннатга мувофиқ кийиниш эмас, такаббурлик, бойликни кўз-кўз қилиш бўлиб қолмоқда. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Исроф ва такаббурлик қилмасдан енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар”, деди (Имом Бухорий ривояти).
Атрофни кузатсак, кўплаб болаларнинг кийимида ғарб маданияти акс этган инсонлар тасвири туширилганини, қизларимизнинг эгнида ҳам ўғил болаларга хос либосларни кўрамиз. Жамиятда ҳали нотаниш бўлган инсонларнинг кийган либосига қараб унинг ахлоқини, феъл-атворини аниқлаш мумкин, дейилган.
Масалан, бир куни автобус кутиб турганимда бироз очиқ, калта либосдаги ўспирин қизлар бекатга келишди. Бир четда турган йигитлар қизлар олдига келиб, ахлоқсизлик қила бошлашди. Шу вақт автобусдан ҳаё билан кийинган қизлар тушиб келишди. Ҳалиги йигитлар бир зум тўхтаб, ўзларини тартибга солишди. Бунинг сабаби иболи одамдан ўзгалар ҳам ибо қилади.
Хулоса шуки, фарзандларимизнинг юриш-туришлари, кийган либослари уларнинг оиласининг юзидир.
Бугунги таҳликали замонда баданга ёпиштириб, аёллик жозибасини кўз-кўз қилиб кийган либосингиз сабабидан нафсига қул кимсаларнинг “ҳақорати”га учрашингиз мумкин, Аллоҳ асрасин!
Шу ўринда ўғил болаларнинг ҳам ахлоқига ва уни бузишга сабаб бўладиган омилларга эътиборли бўлиш зарур. Сабаби, улар ҳам опам, синглим, деб муносабат қилса, қизларимизнинг ўзини ўнглаб олишига кўмак беради. Аллоҳ тарбияда ҳеч биримизни адаштирмасин.
Фароғат СУЛТОНОВА,
Мирзаобод тумани отинойиси (К.Адашбоева уюштирди).
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws