Сунъий интеллект – ақл кушандасими?
Сунъий интеллект – инсоннинг ўрганиш жараёнини илгари ҳеч бўлмаган даражада ўзгартирди. Энди бирорта топшириқни ёзиш, маълумотни қисқача баён қилиш ёки имтиҳонга тайёрланиш учун ChatGPT, Gemini ва шунга ўхшаш воситаларга бир неча сўз билан мурожаат қилиш кифоя. Аммо сўнгги пайтларда муҳим савол тобора кўпроқ тилга олинмоқда:
Динимизда илм талаб қилиш фарз, ақлни чархлаш эса ибодат даражасидаги амал саналади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, ўзимизга савол берсак: Биз сунъий интеллектдан илм ўрганиш учун фойдаланяпмизми ёки ўйлашдан, фикр юритишдан қочиш учунми?
Сўнгги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, сунъий интеллектдан тўғри фойдаланилса, ўрганишни қўллаб-қувватлайди, аммо нотўғри фойдаланилганда ақлий танбалликни кучайтиради. Масалан, 2024 йилда Стэнфорд университетида ўтказилган тадқиқотга кўра, талабалар “фикрлаш ўрнига” сунъий интеллектдан фойдаланган. Бу ҳодиса оқибатида уларнинг билимларни узоқ муддатли хотирага ўтказиш қобилияти 37 фоизга пасайган. Бу ҳолат шуни кўрсатадики, сунъий интеллект ундовчи эмас, балки роҳатбахш сукунат (яъни фикрлашдан чалғитиш) манбаига айланиши мумкин. Бироқ ёндашув тўғри билан тақдирда сунъий интеллект илм ўрганиш борасида инсон фикрини чуқурлаштирадиган ҳақиқий ҳамроҳга айланиши мумкин.
Қуйида биз сунъий интеллект нотўғри ишлатилганда ақлий қобилиятга қандай салбий таъсир кўрсатиши ва ундан самарали фойдаланиш усулларини мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.
1. Сунъий интеллект ёзиб ўрганиш қобилиятини сусайтириши мумкин:
Қўлёзманинг асаб тизимига оид қуввати шундаки, ёзиш бу – ўрганишдир. MIT Media Lab (Массачусетс технология институти таркибидаги машҳур илмий-тадқиқот лабораторияси) олиб борган тадқиқотга кўра, қўл билан ёзилган ёзувлар миянинг хотира марказида (гиппокампда) рақамли ёзувларга нисбатан икки баробар фаоллик яратади. Бунинг сабаби шундаки, ёзиш маълумотни пассив қабул қилиш эмас, балки уни қайта ишлаш жараёнидир.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Каломи шарифида: “Нун. Қалам ва (у билан) ёзадиган нарсалар (битиклар) билан қасамёд этаманки…” (Қалам сураси, 1-оят) деб қалам ва ёзув қуролларини улуғлаган.
Шунинг учун ечим қуйидагича: автоматик ёзув ёки ёзиб берувчи сунъий интеллект воситалари фойдали, аммо ўрганиш жараёнининг ўрнини боса олмайди. Энг самарали усул – аввал маълумотни қўл билан ёзиб олиш, кейин эса уни сунъий интеллектга юклаб таҳлил қилишдир. Бу ҳолда ҳам ақлий фаолият сақланади, ҳам технология самарадорлигидан фойдаланилади.
2. Сунъий интеллектни “қисқа баёнчи” эмас, “муаллим” қилинг.
Сунъий интеллект тайёрлаган қисқача баёнлар маълумотларни тез ўзлаштиришга ёрдам беради, аммо тушунишни чуқурлаштирмайди. Колумбия университетининг 2023 йилги тадқиқотига кўра, сунъий интеллект тайёрлаган баёнларни ёд олган талабаларнинг тушуниш даражаси ўртача 22 фоизга пасайган.
Шу сабабга кўра, сунъий интеллектга бунинг ўрнига қуйидаги каби топшириқлар берилиши тавсия этилади: “Бу тушунчани лицей даражасида тушунтир”, “Бу маълумотни ҳаётдан олинган мисолга боғла”.
Бинобарин, Ислом тарихида толиби илмлар устозларидан тайёр хулосани эмас, балки хулосага олиб борадиган йўлни ўрганишган. Бундай усул миянинг таҳлилий ва интуитив қисмларини фаоллаштиради, Яъни сунъий интеллект эндиликда шунчаки маълумот етказувчи эмас, фикрлаш ҳамроҳига айланади.
3.Суқротча ва Набавий услуб: Мулоқот орқали фикрлашни чуқурлаштиринг
Антик даврда Суқрот шогирдларига савол-жавоб услубида таълим берган ва ижобий натижага эришган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобаларга илм ўргатишда кўпинча савол-жавоб услубидан фойдаланганлар. Чунки бу таъсирчан ва эслаб қолишга ҳисса қўшадиган самарали усул. Сунъий интеллектдан ҳам шу мақсадда фойдаланиш мумкин.
Сунъий интеллектдан фақат жавоб берувчи восита сифатида эмас, балки Суқрот услубидаги савол орқали ўргатувчи восита сифатида фойдаланиш танқидий фикрлашни ривожлантиради:
“Бу мавзуда мен билан баҳслаш, тайёр жавоб берма; фақат ўйлашга ундайдиган саволлар бер”.
Гарвард университетининг 2024 йилги ҳисоботига кўра, бундай усулда ишлаган талабаларнинг танқидий фикрлаш кўникмалари 40 фоизга ошган.
4. Фейнман усулини қўлланг: “Ўргатиб ўрганиш”.
Нобель мукофоти совриндори Ричард Фейнман таклиф этган бу усулнинг моҳияти шундаки, инсон маълумотни “болага тушунтиргандек” соддалаштириб ўрганади. Агар сунъий интеллектга “Мен фалон мавзуда гапираман, камчиликларимни кўрсат” деб ёзсангиз, у фикрларингиздаги бўшлиқларни аниқлаб беради.
Бу жараёнда мия маълумотни қайта тузади ва узоқ муддатли хотирага жойлайди. UCLAнинг (University of California, Los Angeles – Калифорния университетининг Лос-Анжелесдаги кампуси) 2022 тадқиқотига кўра, бу усулни қўллаган талабаларнинг имтиҳон натижалари 29 фоизга яхшиланган.
5. Сунъий интеллект билан маълумотни визуал қилинг ва синовдан ўтказинг.
Ўрганишда кўргазмали (визуал-оралқи масофали) хотира жуда кучли аҳамиятга эга. Ҳозирги сунъий интеллект воситалари ёзувлардан автоматик равишда концепт хариталар, оқим диаграммалари ёки flashcard’лар тузиб бера олади. Агар бу воситалар “интервалли такрорлаш” (spaced repetition) усули билан бирлаштирилса, маълумотни эслаб қолиш даражаси уч баробарга ошади.
Ҳосили калом, ақл – Аллоҳнинг омонати. Сунъий интеллект – илм йўлидаги душман эмас, балки тўғри ишлатилса, кучли ҳамроҳдир. Аммо унинг зиммасига ақлимиз бажариши керак бўлган вазифани юклаб қўйиш – ақл неъматига нисбатан ношукрлик ва танбалликдир.
Сунъий интеллект маълумотни тезлаштириши мумкин, лекин ҳикматни бера олмайди. Ҳақиқий билим – инсон қалби ва онги билан меҳнат қилиб топган нуридир.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
http://hidoyatuz.taplink.ws
Фойдаланилган адабиётлар
MIT Media Lab (2023). Cognitive Impact of AI-Assisted Learning Tools.
Stanford University (2024). AI Dependence and Long-Term Memory Retention.
Columbia University (2023). Comprehension Decline in AI-Summarized Learning.
Harvard University (2024). Socratic AI Interaction and Critical Thinking Growth.
UCLA (2022). Teaching-to-Learn Techniques and Neural Consolidation.