Сунъий озуқалар болалар хулқига таъсир қилади
Кейинги пайтда болаларда инжиқлик, асабийлик, ғазаб ва сабрсизлик ҳолатлари кўп кузатиляпти. Бу фақат тарбия ёки муҳит маҳсули эмас. Кундалик истеъмол қилаётган озуқалар ҳам асаб тизими, ҳис-туйғулар билан бирга хулқ-атворга ҳам бевосита таъсир қилар экан.
Мутахассислар таъкидлашича, болаларда учраётган ҳаддан ортиқ жаҳлдорлик ва тажовузкорлик ҳолатлари айрим озуқа маҳсулотларини кўп ейишга боғлиқ.
Шакар ва унинг ўрнини босувчи кимёвий моддалар
Болаларни ўзига жалб қилувчи, бежирим қадоқланган ширинлик, қандолат ва газли ичимликлар улардаги қанд миқдорини кескин кўтариб, сўнгра тез тушиб кетишига сабаб бўлади. Бу эса кайфият ўзгариши, жаҳл чиқиши, йиғлоқи бўлиб қолишига олиб келади. Айниқса, оч қоринга истеъмол қилинган ширинликлар кун давомида боланинг руҳиятига таъсир қилади.
Сунъий қўшимчалар ва бўёқлар
Ранг-баранг қандлар, чипслару тез тайёр бўлувчи озуқалар ичидаги бўёқлар ва таъм кучайтирувчи моддалар болада ўта фаоллик ва тажовузкорлик ҳисларини қўзғайди. Улардаги “Е” қўшимча моддалари диққатни жамлашни қийинлаштиради. Шу боис кўплаб хорижий давлатларда таълим муассасалари атрофида бундай маҳсулотларни сотишга тақиқ қўйилган.
Фастфуд ва ярим тайёр емаклар
Колбаса, сосиска, гамбургер каби озуқаларда туз, ёғ ҳамда консервантлар кўп. Уларни бола ҳазм қилишга қийналади ва танаси тез чарчашига олиб келади. Бу унинг асаб тизимига салбий таъсир этади. Оқибатда у жаҳлдор ва инжиқ бўлиб қолади. Ярим дудланган озуқаларни ҳаддан ортиқ ейиш боланинг ҳиссий барқарорлигини сусайтиради.
Кофеин сақловчи ичимликлар
“Витаминга бой моддалар” деб тамға ёпиштирилган ширин қора, кўк чойлар ва қаҳва, какаоли ичимликлар аслида болада уйқусизлик ва безовталикка сабаб бўлади. Уларни имкон қадар ёш гўдакларга бермаслик ёки етти ёшдан кейин куннинг биринчи қисмида бериш тавсия этилади.
Интернет манбалари асосида тайёрланди.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws