Мўмин мўминга озор бермайди
Динимиз мўмин-мусулмонларга бир-бирларига озор бермасликни буюради. Акс ҳолда, улар қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантиради: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган киши азият беришнинг турли кўринишларидан сақланиши лозимлиги уқтирилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонини эҳтиром қилсин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бошқа ривоятда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?” деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Мусулмон – (бошқа) мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир. Муҳожир эса – Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан ўзини тийган кишидир” (Имом Бухорий ривояти).
Минг афсуски, баъзи инсонларнинг арзимас сабаблар туфайли бир-бирларига озор беришларига гувоҳ бўламиз. Айниқса, ижтимоий тармоқлар ғийбат, миш-миш, туҳмат, ҳақоратларга тўла.
Хусусан, шариат аҳкомларини халққа етказаётган имом-домлаларни муҳокама қилиш, улардан “кир қидириш” ҳолатлари учраяпти. Ваҳоланки, ўша кишилар йиллар давомида айнан шу уламоларга иқтидо қилиб келмоқдалар. Унутмаслик лозим, илм аҳллари ҳақида ёмон сўзларни сўзлаш – Аллоҳ ва Расулининг ғазабини келтирадиган хатарли ишдир.
Шариат озор беришдан қайтарган, озор берганларга жазо, озорни кетказганларга эса жаннат мукофотини ваъда қилган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Бир киши йўлда кетар эди. Йўл устида тиканли шохни кўриб, уни йўлдан олиб ташлади. Аллоҳ таоло унинг бу ишини қадрлаб, гуноҳларини мағфират этди”(Имом Муслим ривояти).
Динимизда инсоннинг атрофидагиларга озор бермаслиги ҳатто садақа қилган савобга тенг экани таъкидланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан бирига насиҳат қилиб бундай деганлар: “Одамларга ёмонлик қилишдан тийилинг. Зеро, бу ҳам сиз учун садақадир” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларга ўзаро бирдамликда, муҳаббат ва меҳр-шафқат ила ҳаёт кечиришни насиб қилсин.
Маъсумхон ТУРҒУНОВ,
Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws