Уламолар наздида фатвонинг ўзгариши масаласи
Фатвонинг ўзгариши масаласида ҳам қадимги, ҳам замонавий уламолар сўз юритганлар. Жумладан, мутақаддимлардан Имом Қарофий, Имом Ибн Қаййим, мутааххирлардан аллома Ибн Обидин (ўзининг “Нашрул ъурф фийма буния минал аҳкам ъалал ъурф” рисоласида) тўхталиб ўтган. Барча муҳаққиқлар бу масалани қабул қилишган.
Биз бу тадқиқотда “Бугунги кунда фатво ўзгаришига сабаб бўладиган омиллар” ҳақида сўз юритамиз. Аммо бу гаплар айрим аҳли илм биродарларимизда эътироз ва хавотир уйғотиши мумкин. Улар “фатвонинг ўзгариши” иборасини шаръий ҳукмлар билан ўйнашиш, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром қилиш, фарз амалларни инкор этиш, шариатга янги нарсаларни киритиш учун баҳона, деб ўйлашади.
Мен уларга тасалли бериб айтаманки, шариатнинг асосий, мустаҳкам собит ҳукмлари ҳеч қачон ўзгармайди. Аммо унинг иккиламчи – зонний далилларга асосланган ва ижтиҳодга йўл берилган фаръий – қисми ўзгарувчан ҳукмлар саналади. Улар замон, макон ва ҳолатга қараб ўзгариши мумкин. Бу шариатнинг гўзал ва мослашувчанлик хусусиятларидандир.
Яна бир тоифа уламолар: “Қадимги фиқҳий китобларимизда барча масалаларнинг ечими бор, янги ижтиҳод ёки янги фатволарга эҳтиёж йўқ. Аввалги уламолар кейингиларга ҳеч нарса қолдирмай, ҳамма ишни ҳал қилиб кетганлар” дейишади.
Биз, албатта, бундай фикр билдираётган уламоларга ва бобокалонларимизнинг фиқҳий меросига юксак ҳурмат-эҳтиром билан қараймиз. Лекин шуни айтамизки, улар ўз замонлари, маконлари ва муҳитлари учун бор ақл ва салоҳиятларини ишга солиб, ижтиҳод қилганлар. Диннинг муҳофазаси, умматнинг хизматида ғайрат кўрсатганлар. Агар уларга эргашмоқчи бўлсак, у ҳолда биз ҳам улар каби ўзимизнинг замон, макон ва шароитимиздан келиб чиқиб ижтиҳод қилишимиз керак. Энг мақбул эргашиш ва шаръий тўғри услуб шудир.
“Аввалги уламолар кейингиларга ҳеч нарса қолдирмай, ҳамма ишни ҳал қилиб кетганлар” деган гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Умматимнинг мисоли ёмғирга ўхшайди: боши яхшироқми ёки охирими – билмайман”, “Аллоҳ ҳар юз йил бошида бу уммат учун динини янгилаб берувчи кишини юбориб туради”(Имом Абу Довуд ривояти), маъносидаги ҳадисларига мувофиқ келмайди.
Фатвонинг ўзгариши мутақаддим мужтаҳидлар меросини тарк этиш дегани эмас. Балки биз ҳам уларнинг усулларига эргашган ҳолда ўз замонимиз ва муҳитимиз учун ижтиҳод қилайлик деган маънодадир. Чунки замонавий масалаларни ҳал қилиш учун қадимги китобларнинг ўзи етарли бўлмайди.
Айримлар эса: “Бу эски фиқҳни ташлаб, Қуръон ва суннатдан ўзимизга мос бўлган янги фиқҳни тузайлик”, дейишади. Бу – мутлақо нотўғри ва имконсиз иш. Чунки кейинги авлод ўтмишдагилар қўйган асослар устигагина қурилиш қилиши мумкин, янгидан бошлашлари мумкин эмас. Барча соҳада, хоҳ дунёвий, хоҳ диний бўлсин, билим ва тажрибанинг жамланиши жуда муҳимдир. Ҳар бир олим ўзидан олдинги олимларнинг меросидан фойдаланади, унга қўшади ёки ундаги камчиликларни тўлдиради.
Мен икки жилдли “Закот фиқҳи” номли китоб ёздим. Бир тасаввур қилинг: агар мен ўтган уламоларнинг закотга оид фиқҳини, турли мазҳаблардаги мавжуд китобларни инкор қилиб, фақат Қуръон ва ҳадисдан янгидан ҳукм оламан” десам, нимага эришган бўлар эдим?!
Аксинча, мен ўн тўрт асрлик уммат ақлининг ютуқларидан фойдаландим: турли мазҳаблар, мактаблар ва минтақалардаги ижтиҳодларни ўргандим. Бу улкан меросни таҳлил қилдим, қиёсладим, тарозига солдим, афзалларини танлаб олдим. Мана шу ҳақиқий фақиҳнинг ишидир.
Шунга кўра, “Янгисини олиб, эскисини унутамиз”, дейиш катта хато. Балки эскисига асосланиб, янгисини қурсак, тўғри бўлади. Чунки авлодлар бир-бири билан боғлиқ, умматнинг илмий тарбияси узлуксиз давом этади. Кейингиларнинг яхшиси аввалгиларнинг тажрибасидан фойдаланганларидир.
(Давоми бор)
Юсуф ҚАРАЗОВИЙ
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан