НАФС – ЭНГ ХАВФЛИ ДУШМАН
Аллоҳ таоло: “Албатта, нафсини поклаган киши нажот топди” (Шамс сураси, 9-оят), деб марҳамат қилган.
Ташқи душман кўзга кўринади, унга қарши эҳтиёт чорасини кўриш мумкин. Аммо нафс инсоннинг ички сирларини билиб, уни нозик йўллар билан гуноҳга, ғурурга, ҳасад ва дунё ҳирсига етаклайди. Айниқса, аёллар табиатидаги меҳр, ҳиссиёт ва латофат нафснинг ҳийласига айланиб қолиши мумкин. Масалан, нафс баъзан ўзини бошқалардан устун кўришга, либос ва зийнатда дабдабага берилишга, гап-сўз, ғийбат ва адоватга, ҳасад ва ранжишларга, эр-хотин орасида келишмовчилик чиқаришга ундайди.
Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ: “Ўзимга нафсимдан кўра ашаддийроқ душманни кўрмадим”, дейди. Нафсни тақво билан тарбиялаш ҳақидаги ҳадислардан бирида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қилади:
«Эй Аллоҳ, нафсимга тақво бер. Уни поклайдиганларнинг энг яхшиси Сенсан!» (Имом Табароний ривояти). Дуо нафс тарбиясида энг катта асос – Аллоҳнинг ёрдами ва раҳмати эканини билдириб туради. Чунки инсон ўз кучига ишониб қолса, нафс уни албатта ҳалок қилади.
Мўмина аёлнинг нафси имтиҳон қилинадиган нуқталар:
Нафс тарбиясига интилган аёл, аввало, гуноҳдан сақланиши шарт. Чунки шайтон инсоннинг очиқ душмани бўлиб, нафс орқали уни гуноҳга етаклайди.
- Тилни сақлаш: ғийбат, чақимчилик, ёлғондан тийилиш;
- Иффат ва ҳаё;
- Сабр-қаноат;
- Оилада хушмуомалалик;
- Фарзандлар тарбиясига масъулиятли бўлиш;
- Намозда собитлик.
Уламолар ўлимни кўп эслаш, жаноза ва охират ҳақида фикр қилиш нафсни юмшатишини, қалбни уйғотишини таъкидлаганлар. Чунки охиратни эслаган аёлнинг дунёга муҳаббати камаяди, қалби Аллоҳга яқинлашади.
Нафснинг табиати ҳақида уламолар фикри
Қуръони каримда бундай дейилади: “Албатта, нафс ёмонликка буюрувчидир, магар Раббим раҳм қилмаса” (Юсуф сураси, 53-оят). Тасаввуф уламолари нафсни қаттиқ танқид қилиб, уни хавфли душманга қиёслаганлар:
Жалолиддин Румий нафсни “бутларнинг онаси” деб атаган. Нажмиддин Кубро нафсни “ўлмайдиган заҳарли илон”га ўхшатиб деган: “Нафс ҳеч ўлмайдиган заҳарли илон кабидир. У чопиб ташланса ҳам, боши кесилса ҳам, унга қуёш нури тегиши билан яна ҳаракатлана бошлайди. Ўлган нафсга ҳаво ва шаҳват хуруж этса, дарров жонланади”.
- Юнус Эмро нафсни золим куч сифатида тасвирлаган:
Нафс ёмондур, нафс золим,
У бир илон, у бир ўлим,
Найранглари бўлим-бўлим,
Нафсдир сани йўлдан қўйғон,
Расво бўлур уни суйғон.
Мўмина аёл ҳаёти давомида узлуксиз нафсини тарбиялаши керак. Аёл нафсни тақво, илм, суннат, зикр, ҳаё, сабр ва шукр билан тарбияласа, қалби нурли бўлади ҳамда Аллоҳга яқинлашади. Нафсига эргашган аёл эса шаҳват ва ҳаваслар асирига айланиши мумкин. Бу эса нафақат унинг ўзига, балки оиласи, фарзандлари, ҳатто жамиятга ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шундай экан, мўмина аёл учун энг буюк ғалаба – нафси устидан ғолиб бўлишидир. Чунки шу нуқтада қалб юксалади, руҳ покланади ва инсон ҳақиқий саодат сари юз тутади.
Меҳринисо АКРОМЖОН қизи, Наманган вилояти
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws