Нега бегоналашиб боряпмиз?
Ҳар куни ўзимга шу саволни бераман: нега яқинларимиздан бегоналашяпмиз? Ҳой-ҳавасларимиз ортидан эргашиб, елиб-югуриб, умримизнинг қимматли дақиқаларини совуриб, борар манзилимиз аниқ бўлгандагина, ўтган умримиздаги хатоларни англай бошлаймиз. Қаерда хато қилдим? Нега йўлларга термулган онаизоримни дийдоримга зор қилдим? Нега унинг белига мадор бўла олмадим? Кўзларига чўккан мунгни арита олмадим? Нечун мунглиғ, мушфиқ, меҳрибон сингилларимга тиргак бўлмадим?..
Бегоналарни-ку қўяверинг, айни глобаллашув жараёнида ҳатто ўз яқинларимиздан-да олислаб кетаётгандекмиз. Югуриб-елиб, ўзимизча дунёнинг барча ташвишларини ортмоқлаб олгандек, яқинларимизнинг ҳолидан хабар олишни унутдик. Аслида дийдорлашмоқ, меҳр кўрсатиш саодатига эришиш олдида дунё матоҳлари арзимас нарса. Нега унда яқинларимизни унутяпмиз? Бу хатардан, жарликдан ўзимизни ўзимиз қутқармасак, ким қутқаради? “Бирники мингга, мингники туманга” дейди доно халқимиз. Яқинларининг меҳрига зор кўнгли ўксикларнинг ҳасратлари, дардлари бизни тутмасин. Балки шу сабаб дунёда уруш ўчоқлари кўпаймоқда, бало-офатлар содир бўлмоқда…
Қалбингизга қулоқ солинг, сурат ва сийратни таҳлил этинг. Балки бу қусур сизда ҳам бордир. Ҳали ҳам кеч эмас. Қўллагувчи, асрагувчи меҳрибон Зот тавбаларимизни қабул қилгувчидир! Бегоналашманг, сизга зор-интизор қавм-қариндошларингизни йўқланг, беморлари бўлса, ҳолидан хабар олинг, муҳтожларининг ташвишларига елкадош бўлинг. Зеро, дунёда бир муҳтож кишининг ҳолидан хабар олиш, ундан кўнгил сўраб, яхшилик қилишдан ортиқ бахт йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизларга заифларингиз сабабли нусрат ва ризқ берилади”(Имом Бухорий ривояти), дея насиҳат қилганлари бежиз эмас.
Мардиқул СИДДИҚОВ, Хатирчи тумани
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws