Болани тузатиш эмас, тушуниш керак
У ўқитувчи ёки синфдошининг кўзига тик боқишга қийналади. Уни баъзилар эътиборсиз деб ўйлайди. Айрим ўқитувчилар “ялқов” ёки “қизиқмайдиган” деб баҳолаши ҳам мумкин. Ваҳоланки, у ҳар бир сўзни эшитади. Фақат унинг диққати баланд овозга эмас, маънога қаратилган бўлади. Танаффусларда у гуруҳга қўшилмаслиги мумкин ёки болалар орасида бўлса-да, улардан узоқда юргандек бўлади…
Жамият унинг жимлигини тушунмайди. “Нимага бундай?” ё “Нега қўшилмайди?” ёки “Нега кулмайди?” деган саволлар кўп. Аммо ҳеч ким унинг ичкаридаги меҳнатини кўрмайди. Одамлар учун осон бўлган одатий ҳаракатлар – мулоқот, кўзга қараш, кутилмаган вазиятлар аутизм ташхиси бор боладан катта жасорат талаб қилади. У ҳар куни ўзини енгиб яшайди.
Агар катталар бир лаҳза тўхтаб, унинг жимлиги ортидаги меҳнатни кўра олса, жамият уни “бошқача” эмас, “ўзгача” деб қабул қилиб, қўллаб-қувватлаган бўларди. Чунки аутизм синдроми бўлган болани тузатишга уринмаслик, борлигича қабул қилиш керак. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг ўз боласига одоб бермоғи унинг бир соъ садақа қилганидан яхшидир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Улар орасида маълум бир соҳада – расм, мусиқа, ҳисоб-китобда ўта кучли қобилиятга эга бўлганлари ҳам учрайди. Бу эса аутизмни камчилик эмас, балки ўзгача ривожланиш сифатида кўриш лозимлигини ҳам англатади. Чунки аутистларда одатда ақлий заифлик кузатилмайди, улар шунчаки ижтимоий ҳаётдан холи, ўзининг оламида яшайди.
Ўзбекистонда аутизм ташхиси билан шифокорга мурожаат қилаётганлар сони талайгина. Бундай ташхисли болаларнинг ота-оналарига кўмак бериб келаётган олигофренопедагог* Шаҳноза ИМОМХЎЖАЕВА билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Аутизмни оддий инжиқлик ёки тарбиядан қандай фарқлаш мумкин?
– Аутизм – шахсдаги бирор хулқнинг қайта ва қайта такрорланиши. Бу хулқ жамият тан олган ҳаракатларга мос бўлмайди. Унинг енгил ва оғир даражалари бор. Оғир ҳолатларда шифокорнинг ёрдами ва махсус реабилитация-даволаш чораларини қўллаш шарт.
Оддий боладаги инжиқлик эса вазиятга боғлиқдир. Кайфият, истакка кўра ёки бирор манфаат учун бола инжиқлик қилиши мумкин. Аммо аутист боланинг ҳаракати бир хил ва доимий бўлади. Муҳит ўзгарса, янги инсонлар бор жойда ўзини ўнглаши, киришиб кетиши жуда қийин кечади. Бу тарбия, феъл-атвор эмас, асаб тизимига хос хусусият. Соғлом болани тарбиялашда – бола сизни тушунади, ўзини тўғрилашга интилади, аста-секин қоидаларга мослашади. Аутист бола эса қоидани тушунса-да, амалда бажармаслиги мумкин. Истамаганидан эмас, шу ишга қодир бўлмаганидан…
Ўзбекистонда бундай болаларнинг аниқ сонини айтиш қийин. Боиси, ҳамма ота-она ҳам боладаги бу ташхисни қабул қила олмайди. Чекка туман, қишлоқларда бундай касаллик борлигини билишмагани, мутахассис тўғри ташхис қўя олмагани учун ёки илк фарзанд кўрган оналарнинг тажрибасизлиги сабабли бу ҳолатни кўздан қочиришади.
– Аутизмнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида гаплашсак бўладими?
– Аутизм аниқ сабаблари ўрганилаётган хасталиклардан биридир. Ҳозирча олимлар аутизмни бир сабабга боғламай, бир нечта омилларнинг таъсири остида ривожланади, деган фикрда. Бунга оналик даврида инфекциялар билан касалланиш, кучли асабийлашиш, қандли диабет ёки қалқонсимон без хасталиклари, ҳомиладорликда айрим кимёвий дориларнинг ножўя таъсири сабаб бўлиши ҳам мумкин. Юқори кўрсаткичдаги ҳаво ифлосланиши, ота-онанинг катта ёшда фарзандли бўлиши, уларнинг зарарли одатлари: тамаки чекиш, спиртли ичимликлар ичиши, зарарли овқатларни ҳаддан ортиқ истеъмол қилиши ҳам аутизмнинг шаклланишига олиб келмоқда.
– Фарзандида аутизм белгилари борлигини сезган она нима қилиши керак?
– Исмини чақирсангиз, эътибор қилмаса, кўзини олиб қочса, машиначани ўйнаш ўрнига ғилдирагини тинмай айлантириб ўтирса ёки буюмларни шаклига кўра териб чиқса, бирор латтани кун давомида қўлидан қўймай кўтариб юрса, бегоналар ёнида кучли инжиқлик қилса, бундай болаларни зудлик билан педагог-пренинтив шифокорга кўрсатиш керак. Аутизмнинг қайси даражаси борлиги аниқланади. Қанақа ташхис бўлишидан қатъи назар, қанча эрта даволаниш чоралари кўрилса, жамоага, кундалик ҳаётга мослашуви шунча осонлашади.
Шунингдек, аутист болани борлигича қабул қилиб, турли босимлардан ҳимоялаш, унга ишонч билдириш, мажбурламаслик, чегараларини ҳурмат қилиш билан ота-она болага ёрдам бера олади.
– Мактабда уларга қандай муносабат қилиш керак? Умуман, аутизм синдроми бор болалар одамлар ичида эркин, турли тазйиқлардан холи яшаб кета оладими?
– Мактабларда аутизм ташхиси бор ўқувчиларга тўғри муҳитни шакллантириш шарт. Биринчи ўринда мутахассис-ўқитувчиларни бу соҳа билан таништириш, ўқитиш керак. Ота-оналарга эса имконияти чекланган бола мактабга келаётгани, унга ўзига хос муомала зарурлигини тушунтириш керак.
Аввало, аутист болани ҳамма қатори боғча, мактабга элтиб қўявериш нотўғри. Уларни жамоат маконларига ўргатиш талаб қилинади. Якка тартибда кўникмалар устида ишланиб, мутахассис бола билан жамоат жойларида: мактаб, дўкон, бозор, умумий транспорт кабиларда ўша кўникмаларни биргалашиб бажариб кўради.
Сезувчанлик бузилгани боис бундай бола атрофдаги инсонларнинг эмоционал ҳолати: бақириб кулиши, шовқини, қий-чувига гиперҳиссий, таъсирчан реакция билдириб, ҳатто жисмоний озор етказиши мумкин. Шунинг учун маълум бир вақтгача бола ёнида ёрдамчи педагоглар бўлиши ёки мактаблардаги психологлар бундай болалар билан ишлашда давом этиб, жамоага мослашувига кўмаклашиши лозим.
Аутизм ташхисли болалар, албатта, ўзини эркин тутиб, кундалик кўникмаларни шакллантириб, ҳаётда ўз ўрнини топа олади. Фақат, юқорида айтилганидек, вақтида аниқланиб, эртароқ даволанишни бошлаш керак. Агар мутахассис қолиб, бошқа қандайдир чала психологлар, диетолог ва кераксиз дорилар сабаб бола стресс ҳолатига тушган бўлса, даволаниш бироз кечикиши мумкин.
Бундай болаларга оддий яшаш қоидаларини ўргатамиз. Ҳатто қанақа саволларга қайси сўз ва ҳиссиёт билан жавоб қайтариш кераклигини ўргатишга ҳам тўғри келади. Аммо аутист болаларнинг хотираси шу қадар ноёбки, улар худди губкадек қоидаларни ўзига сингдириб олади. Вазиятга хос равишда ўргатилган кўникмани дарҳол ижро этиб беради.
Шуни билиш керакки, аутист болаларнинг визуал идроки ниҳоятда кучли бўлади. Агар уларни қўллаб, эринмай зарурий кўникмалар ўргатилса, тенгдошларига қараганда бу болаларнинг ўсиши, ривожланиши тез бўлади. Чунки аутистларнинг ичида ўзига хос беркитилган қобилият бор. Агар тўғри йўналтира олсак, келажакда улардан даҳо олимлар чиқиши мумкин. Шу давргача ҳали очилмаган илмий қонуниятларни кашф қиладиган юқори интеллектуал шахслар вояга етади. Оддий ҳаётга мослаш билан бирга қобилиятини очишга ҳам эътибор қаратиш керак.
Аутизм – ҳукм ёки нуқсон эмас. Аллоҳ таоло томонидан берилган синов ва ўзгача иқтидор. Қуръонда “Биз сизларни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синаб, имтиҳон қилурмиз” (Анбиё сураси, 35-оят), дейилади. Демак, аутист болаларни тузатишга эмас, тушунишга ҳаракат қилган жамият ютади. Сабр, сокинлик ҳамда уларни борича қабул қилиш – энг тўғри йўл. Мажбурлаш, танбеҳ бериш ёки “Нега бошқалардек эмассан?” дея босим ўтказиш уларнинг қалбини “ёпиб” қўяди. Аслида, ҳар бир бола қандай бўлишидан қатъи назар, меҳр, ҳурмат ва иззат қилинишга муносиб.
Нафиса ПАРДАЕВА суҳбатлашди.
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws