Никоҳ уч жойда ўқилади
Улуғ аждодларимиз ажойиб билимларни ўрганишни истаганларга Одам алайҳиссалом қиссасини ўқишни тавсия қилганлар. Ҳақиқатан, у зотнинг тарихи –инсоният дебочасидир. Тафсир китобларида ёзилганидек, ушбу тарихдаги энг муҳим воқеликлардан бири отамиз Одамнинг Раббимиздан ўзига жуфт сўрагани ва Аллоҳ таоло у зотнинг чап қовурғасидан Ҳавво онамизни яратгани ҳамда Парвардигорнинг амри билан Жаброил алайҳиссалом уларни никоҳлаганидир. Одам авлодлари ана шу жуфтликдан кўпайган. Зеро, бугунги наслларнинг мавжудлиги асоси ҳам айнан ўша никоҳдир.
Бинобарин, Раббимиз Нисо сурасининг 3-оятида бандаларига никоҳланишни амр қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Ўзбек халқ мақолларида “Бош икков бўлмай, мол икков бўлмас”, деб ёшлар оила қуришга тарғиб қилинган.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 76-моддасида анъанавий оила ва никоҳ муносабатларини сақлаш энг устувор масала сифатида қайд қилинган.
Демак, Раббимизнинг амри, Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннати, миллатимизнинг анъанаси, Давлатимизнинг қонунчилигига амал қилган ҳолда никоҳланиш инсонга кўп яхшиликлар олиб келар экан.
Никоҳланишнинг фазилати ниҳоятда улуғлигини қуйидаги мисол янада ёрқинроқ намоён қилади:
“Ҳазрати Уфтода дедики:
“Биринчи талоқ ҳолатида ҳулла (ҳалоллаш) билан қайтишнинг моҳияти шундаки, бу никоҳ ақди уч жойда тузилади.
Аршда – Аллоҳ таоло ҳузурида, барзахда – фаришталар ҳузурида. Бу дунёда мўминлар ақди никоҳ қиладилар” (“Уфтодадан ишқ дарслари” китобидан).
Аён бўлмоқдаки, эзгу ниятлар билан оила қураётган ёшларнинг никоҳи Аршда ҳам, барзахда ҳам ўқилар экан ва янги оила қурган келин-куёвга Раббимиз ҳам, фаришталар ҳам бахт тилаб турар экан. Бундан ортиқ бахту саодат бўлиши мумкинми?!
Робия ДАМИН қизи