Султонни ғафлатдан уйғотган кампир
Бир куни Фаррова қалъасидан бир хотин келиб, омилнинг зулмидин додхоҳлик қилди. Султон Масъуд унга хат берди. Хотин у хатни олиб бориб омилга кўргузди. Омил хатнинг мазмунига амал қилмади. Хотин яна келиб Султондан адолат тилади. Султон унга яна хат бермоқни буюрди.
Хотин деди:
– Омил сенинг хатингни қабул қилмағусидур.
Султон деди:
– Мен ўзим хат бердим, унга амал қилмасалар, мен нима қилай!
Хотин деди:
– Эй Султон, подшоҳ бўлсанг, шундай бўлғилки, сенинг ҳукмингни қабул этсинлар ва токи бандалар зулм ва балога гирифтор бўлмасинлар, сен эса ишрат тахтида ҳамиша барқарор бўлғил.
Султон бу хотиннинг сўзидан хижолатманд бўлиб, хотиннинг додиға етди ва у омилни тутиб дарвозага осди. Шундан кейин Султон ғафлат уйқусидин уйғонди ва ҳеч одам унинг фармони қабулида тақсир қилмади.
“Қобуснома”дан