Китоб – беминнат устоз
Мамлакатимизда кутубхоначилик соҳасида кенг ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббусдан бири айнан китобхонлик маданиятини шакллантиришга қаратилган.
Дарҳақиқат, ёш авлод тарбиясида китобнинг ўрни беқиёс. Бу борада мактаб кутубхоналари имкониятидан самарали фойдаланиш мумкин. Шу боис устоз, ота-она ва кутубхоначи ўзаро ҳамкорликда бола қалбига йўл топиб, уларда мутолаа маданиятини шакллантириши лозим. Албатта, бу юмуш сабр ва изланишни талаб этади.
Бола билан мулоқот қила олиш, унинг қизиқишларини тинглаб, ўрни келганда рағбатлантириш ушбу жараённинг муҳим қисми ҳисобланади. Масалан, “Сен жуда яхши боласан!”, “Мен сенга ишонаман!”, “Яхши ўқисанг, албатта, зўр олим бўласан!” каби мақтов сўзлар билан сийлаб туриш керак. Зеро, бу каби иборалар ўсиб келаётган ёшларни руҳлантириши, уларнинг қизиқишини ошириши табиий. Шу билан бирга, боладан ўқиган китоби ҳақида сўраш уни эркин фикрлашга ўргатади.
Болаларда китобга муҳаббат уйғотиш учун кичик тажрибалардан фойдаланиш мумкин. Масалан, 5-6 синф ўқувчилари билан биргаликда китоб ўқиб, унда сўзлар неча марта такрорланганини аниқлаш вазифаси бажарилади. Бу тажриба орқали бола ҳам ўқийди, ҳам диққатини жамлайди. Қарабсизки, болалар ўртасида китоб ўқишга қизиқиш ва ўзаро мусобақалашиш муҳити юзага келади.
Бола интернет ва телевизор оламида яшаётган замонда китобни унга қизиқарли ва дўст сифатида таништириш жуда муҳим талаблардан ҳисобланади. Бугун нафақат мактабларда, балки оилаларда ҳам “Китоб – беминнат устоз”, “Китоб – тафаккур қаноти” каби мусобақа ва тадбирларни уюштириш керак. Болани китобга қизиқтириш масаласи биргина ўқитувчиларнинг вазифаси эмас. Бу хайрли ишга ота-оналар, маҳалла аҳли ҳамда кексалар бош қўшсалар, кўзланган натижага эришиш мумкин.
Гулбаҳор САФАРОВА,
Ангрен шаҳар ахборот-кутубхона маркази директори
“Ислом нури” газетасининг 2025 йтл 13-сонидан