Аллоҳнинг жамоли
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида мўминлар жаннатда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришлари ҳақида хабар берганлар. Ақл ҳам буни жоиз санайди. Зеро, Аллоҳ таоло – мавжуд Зот. Ҳар бир мавжуд нарсани эса кўриш мумкин. Аммо Аллоҳ таоло бандаларни имтиҳон қилиш учун Ўзининг жамолини улардан сир тутди. Зеро, ғайбга иймон келтириш мўминнинг сифатларидан биридир. “Кўринмаган нарса мавжуд эмас”, деган фикр нотўғри. Чунки кўп нарсаларни инсон илғамаса-да, борлигини тасдиқлайди. Масалан, руҳ, ҳаво, электр токи ва ҳоказо. Бизлар уларни кўзимиз билан кўрмасак ҳам, уларнинг асарини кўриб, ҳис қиламиз. Аллоҳ таолонинг зоти ҳам шундайдир. Гарчи биз Унинг зотини кўрмасак, ақлимиз билан Унинг ҳақиқатини англай олмасак ҳам, Унинг гўзал санъатидан гувоҳлик бериб турувчи ҳолатларга қараб, комил сифатлар соҳиби бўлган Зотнинг мавжудлигига иқрор бўламиз ва тасдиқлаймиз.
Китобни кўрган одам гарчи ёзувчини кўрмаган, у ҳақда эшитмаган бўлса ҳам, уни кимдир ёзганига ишончи комил. Худди шундай, бу кўркам, чиройли, мукаммал оламни кўрган киши, албатта, уни бир доно, ҳар нарсага қодир, хоҳлаганини қилувчи, ҳар нарсани билувчи, қадим сифатига эга бўлган Яратувчиси борлигини билиб, тан олади.
“Мотуридийлик таълимотига оид 101 савол-жавоб оммабоп рисола”дан
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws