Пайғамбаримиз алайҳиссалом табассумли зот эдилар
Аллоҳ таоло хушчақчақ ва табассумли кишиларни яхши кўрадиган қилиб яратган. Бундай инсоннинг табассуми қалблардан ҳаёт машаққатлари ва ташвишларини кетказади, атрофда осойишталик муҳитини яратади. Айниқса, оилада аёлнинг эрига бўлган табассуми уни бутун чарчоқлардан фориғ этади. Динимизда эр-хотин бир-бирига муҳаббат ила табассум қилар экан, савобга эришиши баён қилинган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам табассумли зот эдилар. Бу ҳолат у зот билан бирга бўлган, муомала қилган саҳобаларнинг ҳар бирларидан ривоят қилинган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу бундай деган:
“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қилувчи одамни кўрмаганман” (Имом Термизий ривояти).
Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий розияллоҳу анҳу эса айтади: “Мен Исломни қабул қилганимдан бери Расулуллоҳ мени ўзидан тўсмаган, мени кўрсалар, табассум қилар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шу орқали у зот атрофидагиларнинг қалбини забт этиб, уларни ҳақиқатга мойил қилган эдилар. Ҳадис китобларини ўрганганимизда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳолатлари орасида энг кўп учрайдигани – табассум эканини кўрамиз. Баъзан у зот табассумдан ҳам ортиқ қилиб, аммо меъёрни сақлаган ҳолда овоз чиқармай кулганлар. Имом Зажжож бундай дейди: “Пайғамбарларнинг кулиши табассумдир”.
Ойша онамиз розияллоҳу анҳо бундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч қачон овоз чиқариб, ҳалқумлари кўриниб кетадиган даражада кулиб юборганларини кўрмаганман. У зот фақат табассум қилар эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломни бундай таърифлайди: “У зотнинг кулишларининг асосий қисми – табассум эди. Табассум қилганларида тишлари оқ булут парчалари каби кўриниб турарди”. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча сукут сақлар, оз кулар эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисни шарҳлар экан, шундай изоҳ беради: “Ҳадисларнинг жамланмасидан кўриниб турибдики, Пайғамбаримизнинг одати табассум эди. Баъзан табассумдан ортиқроқ кулишлари ҳам кузатилган. Лекин ортиқча, овозли ва кўп кулиш макруҳ саналади. Чунки бундай кулиш виқорни йўқотади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги очиқлик ва табассум ҳақидаги маълумотлар тарих китобларида тўла. У зот инсонлар билан гаплашганда табассум қилар, фатво берганда ҳам кулиб юборган, турли воқеаларга таянч ва руҳий хотиржамлик билан жавоб қайтариб, юзлари нур тарқатар эди.
Бунга бир мисол: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни хутба ўқиб турганларида одамлар ўринларидан туриб, “Ё Расулуллоҳ! Қурғоқчилик бўлди, дарахтлар қуриди, мол-ҳол ҳалок бўлди. Аллоҳдан бизга ёмғир сўранг!” деб ғала-ғовур қилишди. Пайғамбаримиз: “Эй Аллоҳ, бизга ёмғир йўлла!” деб икки марта дуо қилдилар. Шунда осмонда булут чиқиб, ёмғир ёға бошлади. Пайғамбаримиз минбардан тушиб, намоз ўқидилар. Шундан сўнг кетма-кет бир ҳафта ёмғир тинмай ёғди. Кейинги жумада одамлар яна нидо қилиб: “Уйларимиз вайрон бўлди, йўллар тўсилди. Аллоҳдан ёмғирни тўхтатишини сўранг!” дейишди. Шунда Пайғамбаримиз табассум қилдилар ва шундай дедилар: “Эй Аллоҳ, ёмғирни атрофимизга ёғдир, лекин бизга ёғдирма!” У зот қўллари билан қаерга ишора қилсалар, ўша ердаги булутлар тарқалар эди. Ёмғир фақат Мадинанинг атрофига ёғиб, шаҳарга ёғмасди. Бу Расулуллоҳнинг мўъжизалари ва дуоларининг ижобати эди».
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws