Бугун бор, эртага бўлмайди…
Охиратимиз учун қандай эзгу ишларимиз бор?..
Тўй қилиш учун неча йил меҳнат қиламиз, бола-чақанинг ризқини қийиб йиғинамиз, ғам-ташвиш қиламиз. Бундай ҳашам, орзуҳавас, молдунё ғами… чексиз истаклар замирида дунёга ҳирсимиз тобора ортиб боради.
Ора-сира кимларнидир охират диёрига кузатсак-да, хулоса чиқармаймиз. Жанозаю қабристон ҳам бизнинг тош қотган қалбимизни заррача қўрқувга солмайди. Мангу яшайдигандек дунёга боғланган миз. Бироқ…
Ўша кун келади, танадан кучимиз, қувва тимиз кетганда, беихтиёр охиратни ўйлаб қоламиз. Лекин ўшанда кеч бўлмасмикин?..
Аллоҳ таоло муқаддас Каломида бундай марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! На молдунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зик ридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир» (Мунофиқун сураси, 9-оят).
Бу оят тафсирини ўқиганимдан сўнг анча ўйга толдим. Унинг ҳаётимиздаги акси аниқ намоён бўлаётганини англадим. Кечагина чопқиллаб, уйим-жойим деб юрган 40 ёшлар чамасидаги бир киши тўсатдан оламдан ўтди. Унинг ҳали қанча орзулари бор эди…
Худди шундай ҳолат қўшни қишлоқда ҳам содир бўлди. Туппа-тузук юрган 60 ёшли отахон омонатини топширди.
Ҳаёт шундай: ким қачон бу фоний дунёни тарк этиши фақат Аллоҳга аён. Демак, ҳар онимиз бизга берилган имкондир.
Шуниси аниқки, ким шайтонга ва наф сига алданиб, ибодатлардан чалғиса, Аллоҳ таолога юзланмаса, ўлими олдидан фурсат берилишини ўтиниб сўрайди. Атрофимизда шундай хайрли ишларга улгурмаганлар кўп. Аммо уларнинг вақтисоати келганида яна бироз яшасам, кейин хайрли ишлар қилардим, деб ёлворишидан фойда йўқ. Унга ортиғи билан вақт берилган эди. Ўша дамларни ғанимат билмади.
Шунинг учун ҳам имконият борида савобли ишларни қилиб қолиш лозим. Шундай экан, умримизнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланиб, гуноҳларимиз учун чин кўнгилдан тавба қилайлик. Хатони тузатиш имкони бугун бор, эртага бўлмайди.
Мардиқул СИДДИҚОВ,
Хатирчи тумани
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 1-сонидан