Дуоларимда эслайман
Уч-тўрт йил бурун ёз кунларининг бирида “Янгиобод” бозорига йўлим тушди. Бозор дарвозасига етмасдан “ёймачи”лар молларини ерга қўйиб савдони бошлаб юборишган. Ғала-ғовур авжида. Одамлар орасидан туртиниб-суртиниб ўтар эканман, кийим-боши юпун ҳомиладор жувоннинг: “Аллоҳ йўлида ёрдам беринглар, қайнсинглимнинг даволаниши учун пул зарур”, дея тиланиб ўтирганига кўзим тушди. Қизиғи, ўзи бир аҳволда бўлса ҳам қайнсинглиси учун кўмак сўрарди. Одамлар халтачасига пул ташлаб ўтяпти. Мен ҳам озроқ эҳсон қилиб, унга Аллоҳнинг раҳмати, шафқати ва мурувватини тиладим.
Бозорга кириб, керакли нарсаларни харид қилдим. Кун қизигандан қизияпти. Қўлимда оғир юк билан йўл бўйига чиқдим. Ҳамёнимни кавласам, автобусга етар-етмас пул қолибди. Аксига олиб ўғлимга қўнғироқ қилиб, тушолмадим. Нима қилишни билмай бошим қотиб турганда, “Матиз” русумли машина ёнимга келиб тўхтади. Ундан аёл киши тушиб, салом бергач: “Отахон, шунча юкингиз билан жазирамада кўчада туриб қолибсиз. Сизга такси пули бераман, уйингизга осонроқ етиб оласиз”, деди. “Керакмас”, дейишимга қарамай, қўлимга пул тутқазиб кетди. Аёлнинг ҳаракатларидан таъсирланиб, дуога қўл очдим. Ишонсангиз, анчагача намоздан кейинги дуоларимда эсладим ва ҳалигача ёдимга тушса, кўнглим ёришади.
Ҳа, яхшиликда гап кўп. Агар хайрли амаллардан тўхтамасак, икки дунёда азиз бўламиз, иншоаллоҳ.
Сайидвалихўжа МУХТОРОВ,
Қибрай тумани
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws