Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ўгитлари
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб бундай огоҳлантирдилар: “Аёл эри унинг ёнида экан, унинг изнисиз рўза тутиши ва эрининг рухсатисиз (бирон кишини) уйга киргизиши ҳалол бўлмайди”» (Муттафақун алайҳ; бу Имом Бухорий лафзидир).
Эр ва хотин аҳил-иноқ бўлишсагина, ҳаётлари осуда ва фаровон кечади. Улар бир-биридан баҳра олади ва яхши-ёмон кунларида суянчиқ бўлади. Баҳра олишнинг муҳим омилларидан бири эса эр-хотинлик алоқалари ҳисобланади. Аёл шаръий узрли бўлмаганида эрининг истагига “лаббай” дейиши керак. Шунинг учун аёл нафл рўза тутмоқчи бўлса, эридан рухсат олиши лозим. Баъзи олимлар: “Аёл эрининг рухсатисиз нафл рўза тутиши ҳаром”, дейишган. Лекин эри Аллоҳ таоло ман қилган ишларни, нарсаларни буюрса, унга итоат этмаслиги керак.
Эр ҳам аёли кўнглига қараши, ўзи хоҳлаган нарсасини унга ҳам илиниши зарур. Сафвон ибн Муаттал розияллоҳу анҳунинг хотини шикоят қилиб: “Ё Расулуллоҳ, намоз ўқисам, эрим мени урмоқчи бўляпти”, дейди. Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссалом Сафвонни чақиртирганларида у: “У бир ракатда икки узун сура ўқийди. Мен уни фақат шундан ман этдим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг аёлига: “(Фотиҳадан сўнг) бир кичик сура ўқисанг ҳам кифоя қилади”, дедилар. Демак, нафл ибодатларда аёл киши эри билан маслаҳатлашиб иш тутгани афзалдир.
Аёл нафақат бегона эркакларни, балки аёлларни ҳам эрининг изнисиз уйга киритиши, меҳмон қилиши мумкин эмас. Чунки ҳадисда келган масаланинг ҳукми умумийдир. Яъни ўзининг тенгқури аёл бўлса ҳам, эри унинг характерини ёқтирмаса, унинг борлиги сабаб ўзини ноқулай ҳис этса, бунинг учун олдин ундан изн олинади. Агар у рухсат берса, киритиши, чақириши жоиз бўлади.
Ота-боболаримиз “Узум ўзга узумга қараб қораяди” ёки “Гул гулдан ранг олади”, дейишгани каби эркаклар ёқтирмайдиган хулққа эга аёллар хотинининг ахлоқига ҳам ҳиссий ва руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Тезда бўлмаса ҳам, вақт ўтиши билан хотиннинг эрига бўлган ҳурмат ва муҳаббат туйғуларига путур етказади. Уларни уйга киргизмаслик эса оила тинч-тотувлиги ва фаровонлиги юзасидан оқилона хатти-ҳаракатлардандир.
Шу ўринда эркаклар ҳам ўзларига берилган ваколатни суиистеъмол қилмай, балки аёлларига диний ва бошқа ижтимоий фаолиятларини амалга оширишлари учун ёрдамчи бўлиши буюрилган. Эр бунинг учун аёлига ҳар ишда ҳамдард бўлиши ва унинг ҳис-туйғу ва фикрларини ҳам ҳисобга олиши аҳамиятлидир.
Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 6-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws