Одоби йўқнинг ҳеч нарсаси йўқ
Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган сўзлари бугун янада долзарб аҳамият касб этаётир. Чунки ёш авлод тарбияси юрт тақдири, келажагини белгилаб беради.
Афсуски, баъзи ота-оналар турмуш ташвишлари, иқтисодий муаммоларни баҳона қилиб, бу вазифани иккинчи ўринга суриб қўймоқдалар. Айримларнинг ўй-хаёлида фақат “Кўп пул топишим, боламга тўкис шароит қилишим керак” деган фикр ўрнашиб олган. Бу нарса ҳам муҳим, албатта. Аммо тушунишимиз керак: тарбияни кечиктириб бўлмайди. Кийим-кечак ва бошқа моддий неъматлар ҳам фарзанд учун зарурат бўлса-да, унинг ахлоқи, одоби, инсоний қиёфасини чиройли қилиш биринчи ўринда туриши лозим.
Тарбия фақат бўш вақтда эмас, балки ҳаётимизнинг ҳар бир дақиқасида амалга оширилиши лозим. Илмий тадқиқотлар кўрсатмоқдаки, баъзи ота-оналар фарзандига кунига атиги 10 – 12 дақиқа вақт ажратади. Бу ҳам дастурхон атрофида ёки эрталаб мактабга кузатиш чоғида.
Буюк аллома Имом Ғаззолий: “Бола ота-онага берилган омонатдир. Яхшиликка ўргатилса, дунё ва охиратда саодатга эришади. Эътибор берилмаса, ҳалокатга юз тутади. Гуноҳи эса уни тарбияламай қўйганларга юклатилади”, деган.
Ўйлаб кўрайлик, фарзандларимиз қалбига фазилатлар уруғини экяпмизми? Уларни маънавий жиҳатдан шакллантиришга қанча вақтимизни бағишлаяпмиз?
Таълим ва тарбия бир-биридан ажралмас жараёндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда одоб бўлмаса, унда илм ҳам йўқ”, деб таълимни одоб ва ахлоқ асосига қуришни уқтирганлар.
Ҳақиқий муаллим нафақат билим беради, балки бола қалбига маънавият уруғини экиб, унга шахсан ўзи ўрнак бўлади. Агар ҳар бир устоз ва ота-она болада шахсни кўра олса, келажак, албатта, буюк бўлади.
Шу сабабли биз таълим-тарбия соҳаси ходимлари ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, маънавий етук, жамият, миллат ва Ватан равнақи учун курашадиган, тарихини, тилини, динини, миллий қадриятларини ардоқлайдиган инсонлар қилиб тарбиялашимиз лозим.
Муҳаммадшокир БОБОХЎЖАЕВ,
Норин тумани “Умархўжа эшон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws